Пенсия тизимида ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда
Жамият
−
12 Июль
69495Ўзбекистонда пенсия тизими ислоҳ қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон пенсия тизими мажбурий бадаллар бўйича белгиланган тўлов тизимидан иборат бўлиб, борган сари давлат бюджетидан кўпроқ молиялаштирилмоқда. Сўнгги 10 йилда Пенсия жамғармаси даромадлари 3,4 бараварга ошган бўлса, харажатлари 5 бараварга ошган. 2020 йилдан пенсия тўловларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан доимий равишда трансферт ажратилмоқда.
2022 йилда трансферт миқдори 11 триллион сўмни (жами харажатнинг 24,7 фоизи) ташкил этган бўлса, 2023 йилда 15 триллион сўм (29 фоиз) кўзда тутилган. 2030 йилда трансферт миқдори 38 триллион сўмга етиши прогноз қилинмоқда.
“Allianz Pension Ranking 2023” пенсия рейтингида Ўзбекистон 75 та мамлакат қаторида 71-ўринни эгаллаган. Унда Қозоғистон 34-ўринда, Россия 37, Туркия 59-ўринни эгаллаган. Мазкур рейтинг учта суб-индекслар – базавий шароитлар, барқарорлик ва пенсия тизимининг монандлигига асосланган. Улар 1 дан 7 гача бўлган шкала бўйича баҳоланади ва бунда 1 – энг юқори баҳо ҳисобланади. Ўзбекистоннинг умумий баҳоси 4,5 ни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг бошларида Ўзбекистонда фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида 16 ёшдан ҳисобга олиш тартиби жорий этилди. Шунингдек, Президент фармони билан 2024 йилнинг 1 майидан бошлаб минимал истеъмол харажатлари 648 минг сўм миқдорида белгилангани сабабли пенсиялар оширилганди.
LiveБарчаси