Иқтисодиёт ва молия вазирига янги ўринбосарлар тайинланди
Жамият
−
07 Август 2023
7664Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосарлари Эркин Рустамов ва Дилшод Султонов лавозимидан озод этилган эди. Бугуннинг ўзида Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қарор билан вазирликда лавозим тайинловлари амалга оширилди.
Бугунгача вазир Жамшид Қўчқоровнинг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Илҳом Иброҳимович Норқулов вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Аҳадбек Яҳёбекович Ҳайдаров вазир ўринбосари этиб тайинланди. Шу муносабат билан у қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Абдулазиз Абдулаҳадович Ҳайдаров вазир ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси директори эди.
Отабек Рустамович Фозилкаримов вазир ўринбосари этиб тайинланди. Шу муносабат билан у Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Бобур Ботирович Хўжаев вазир ўринбосари этиб тайинланди. Шу муносабат билан Президент Администрациясининг банк-молия, солиқ соҳаларини ривожлантириш ва “хуфиёна иқтисодиёт”ни қисқартириш шўъбаси мудири лавозимидан озод этилди.
Жасур Ҳазратқулович Қаршибоев вазир ўринбосари этиб тайинланди.
Муродбек Бекберганович Отажонов вазирлик ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси раиси этиб тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосарлари Эркин Эркамович Рустамов ҳамда Дилшод Шуҳратович Султонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилган эди. Шунингдек, жорий йилнинг 3 август куни Жамшид Анварович Қўчқоров Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармон билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири лавозимига тасдиқланган эди. Ўша кунгача вазирликни бошқарган Шерзод Қудбиев эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раисига айланди.