Шерзод Қудбиев Солиқ қўмитасига қайтди
Жамият
−
03 Август 2023
12425Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Шерзод Қудбиев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Шу муносабат билан Шерзод Қудбиев Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири лавозимидан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 30 декабрь куни Шерзод Давлатович Қудбиев Иқтисодиёт ва молия вазири лавозимига тайинланганди. Бундан олдин ҳам у Солиқ қўмитасига раис бўлган. У қўмита раиси бўлган даврда унга Фискал институти ректори вазифасини бажариш ҳам топширилганди.
Шунингдек, у 2022 йилнинг 25 апрелида Ўзбекистон стол тенниси федерациясига раис этиб сайланган. Шерзод Қудбиев 2022 йилнинг 19 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қатъий огоҳлантирилганди.
2020 йил октябрь ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев тадбиркорга ортиқча тўланган ҚҚС суммаси ўз вақтида қайтарилмагани, унинг ҳисоб рақамини ёпиб қўйилганидан ғазабланиб, ходимни ҳақорат қилгани ёзилган аудио тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганди. Қўмита раиси аудиоёзувдаги гаплар унга тегишли эканини тан олган, аммо бу бўйича бирор чора кўрилгани ҳақида хабар берилмаган.
LiveБарчаси