Валерий Залужний янги лавозимга тайинланди
Олам
−
08 Март
10323Украина Қуролли кучлари собиқ бош қўмондони Валерий Залужнийнинг номзоди мамлакатнинг Буюк Британиядаги элчиси лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда Республика Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
“2024 йил 7 март, пайшанба куни Украина Президенти Валерий Залужнийнинг Украинанинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига номзодини тасдиқлади”, дейилади хабарда.
ТИВ раҳбари Дмитрий Кулебанинг айтишича, Залужнийнинг Буюк Британияга элчи этиб тайинланиши мантиқий қадамдир.
“У 2020 йилда “Халқаро муносабатлар” бўйича магистр даражасини олган. Шунинг учун бу мантиқий қадам деб ўйлайман. Мен эса Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари сифатида Лондондаги бундай кучли натижадан манфаатдорман”, дейди вазир.
Унга кўра, Украина Президенти Владимир Зеленский барча омилларни ҳисобга олган ва Залужнийни бу лавозимга энг мақбул номзод деб топган.
“Буюк Британия стратегик ҳамкор, ҳарбий ишлар ва Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича етакчи давлатлардан бири. Шунинг учун янги элчи чуқур ҳарбий билимга эга бўлиши керак эди”, дея қўшимча қилди вазир.
Бундан ташқари, ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Залужний Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари билан парда ортидаги дипломатия шароитида Киевга кўп фойда келтиради. Вазирнинг таъкидлашича, "Глобал жануб" деб аталадиган кўплаб мамлакатларнинг элчихоналари Лондонда жойлашган, шунинг учун ҳам "у ерга дуч келган одам юборилмайди".
Қайд этиш жоизки, Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси лавозими 2023 йил июль ойи ўрталаридан бери бўш турган эди. Олдинги элчи Вадим Пристайко Президент Зеленскийни танқид қилганидан сўнг ишдан бўшатилганди.
Маълумот учун, Залужний 2021 йилдан бери Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони бўлиб келаётганди. Жорий йилнинг 8 февралида у мазкур лавозимини тарк этган. Бунгача бир неча ҳафта давомида оммавий ахборот воситаларида Зеленский билан келишмовчиликлар фонида бош қўмондоннинг истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Бош қўмондон истеъфога чиққанидан сўнг эгаллаши мумкин бўлган лавозимлар орасида Миллий хавфсизлик ва мудофаа хизмати раҳбари ва Европа давлатларидан биридаги элчи лавозимлари ҳам бор эди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Залужний унга истеъфога чиққанидан кейин дипломатияга киришни афзал кўришини айтган.
LiveБарчаси