Зеленский Украина Қуролли кучларига янги бош қўмондон тайинлади
Олам
−
09 Февраль
7699Украина Президенти Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни лавозимидан озод қилди ва унинг ўрнига шарқий фронтдаги Украина қўшинлари гуруҳи қўмондони, генерал-полковник Александр Сирскийни тайинлади. Бу ҳақдаги фармон Украина Президенти сайтида эълон қилинди.
“Бугундан бошлаб Украина Қуролли кучларини янги жамоа бошқара бошлайди. Мен генерал-полковник Сирскийни Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони этиб тайинладим”, дейди Зеленский видеомурожаатида.
Зеленский Сирскийни энг тажрибали украиналик қўмондон деб атади ва у уруш бошида Киевни муваффақиятли мудофаа қилишга, кейин эса 2022 йил кузида Харьков вилоятида муваффақиятли ҳужумга қўмондонлик қилганини айтди.
“Генерал Залужнийга икки йиллик мудофаа учун миннатдорман. Бугун биз армиядаги ўзгаришларни нима талаб қилиши ҳақида очиқ гаплашдик”, дейди Зеленский Залужний билан учрашуви ҳақида.
Залужнийнинг ўзи ҳам Зеленский билан учрашув ҳақида ёзиб, Президент билан муҳим ва жиддий суҳбат ўтказганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Валерий Залужний Президент Владимир Зеленскийнинг Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби лавозимини эгаллаш таклифини рад этгани ҳақида хабар қилинганди. Кейинроқ Украина расмийлари Вашингтонни Украина Қуролли кучлари бош қўмондонини ишдан бўшатиш режалари ҳақида огоҳлантиргани айтилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь