Залужний Зеленскийнинг таклифини рад этди – “The Economist”
Олам
−
31 Январь
13310Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний мамлакат Президенти Владимир Зеленскийнинг Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби лавозимини эгаллаш таклифини рад этди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “The Economist” журнали хабар берди.
Маълумотларга кўра, 29 январь куни кечқурун Зеленский Залужний билан учрашув ўтказган. Президент генералга уни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарори ҳақида маълум қилган ва уни Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби лавозимига таклиф қилган.
“Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Президентнинг таклифини рад этди”, дейди нашр манбалари.
Қайд этилишича, Залужнийнинг ўрнини Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов эгаллаши керак бўлган. Бироқ у ҳам охирги лаҳзада мамлакат Қуролли кучлари бош қўмондони лавозимини эгаллашдан бош тортган. Залужнийнинг ўрнига яна бир эҳтимолий номзод эса Украина Қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Александр Сирский бўлган.
Айтиш жоизки, сўнгги кунларда Залужиний ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарлар оммавий ахборот воситаларидаги асосий мавзуга айланди. Дастлаб, 29 январь куни Олий Раданинг собиқ депутати Борислав Берёза Залужний лавозимидан четлаштирилгани ҳақида хабар берди. Ўз навбатида, Олий Рада депутати Алексей Гончаренко унинг икки манбаси бу маълумотни тасдиқлашини таъкидлади. Кейинчалик у Залужний истеъфога чиққани ҳақида хабардор қилинганини, аммо ҳозирча тегишли қарор йўқлигини айтди. Депутатнинг сўзларига кўра, Залужнийга Европа давлатларидан бирида элчи лавозимини таклиф қилишган, аммо бош қўмондон рад жавобини берган.
Кейин оммавий ахборот воситаларида Залужний ҳақидаги фармон аллақачон имзолангани ва унинг ўрнига Кирилл Буданов тайинланиши ҳақида маълумот тарқалди. Шунингдек, баъзи Telegram каналларида Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров истеъфога чиққани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Кейин Мудофаа вазирлиги тарқатилаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. Бироқ бу ҳолат ОАВда вазирлик ҳам вазир, ҳам бош қўмондоннинг истеъфосини рад этдими ёки фақат Умаровми деган саволларни келтириб чиқарди. Шундан сўнг Украина Президентининг матбуот котиби Сергей Никифоров Зеленский Залужнийни ишдан бўшатмаганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Bloomberg” манбаларига таяниб, Вашингтон расмийлари Владимир Зеленский ва Валерий Залужний ўртасидаги келишмовчиликлар Киевнинг ҳарбий стратегиясини ишлаб чиқишни секинлаштираётганидан хавотирда эканини ёзганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15