Зеленский ўзини танқид қилган элчини ишдан бўшатди
Олам
−
21 Июль 2023
10704Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси Вадим Пристайко Президент Владимир Зеленскийнинг фармони билан ишдан бўшатилди. Тегишли ҳужжат Украина раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинди.
“Пристайко Вадим Владимирович Украинанинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси ҳамда Украинанинг Халқаро денгиз ташкилотидаги доимий вакили лавозимидан бир вақтнинг ўзида озод этилсин”, дейилади Украина Президентининг фармонида.
Баъзи манбаларга кўра, элчи Вадим Пристайконинг лавозимидан четлатилиши Президент Зеленскийни танқид қилгани билан боғлиқ. Гап шундаки, жорий йилнинг 12 июль куни Вильнюсдаги НАТО саммити доирасида Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес Зеленскийнинг Twitter’да қолдирган шарҳидан норози эканини билдириб, Ғарб давлатлари Украинадан мамлакатни НАТОга қабул қилишдан бош тортгани учун танқид эмас, балки ҳарбий техника етказиб берилаётгани учун миннатдорлик билдириши кераклигини айтган. Шундан сўнг, Зеленский НАТО саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Ғарбга бошқа қандай раҳмат айтишни билмаслиги ҳақида гапирган. Унга кўра, украиналиклар ҳар куни эрталаб уйғониб, вазирга миннатдорлик билдириши мумкин.
Украинанинг Лондондаги элчиси Пристайко эса Зеленскийнинг бу сўзларини носоғлом киноя деб атаган ҳамда Украина ва Буюк Британия ўртасидаги келишмовчиликларни кўрсатиши ноўринлигига ишора қилган. Шу билан бирга, элчи Британия Мудофаа вазирига муаммо юзага келса, элчига қўнғироқ қилишини ва шахсий суҳбатда ўз норозилигини билдириши жоизлигини маслаҳат берган.
Эслатиб ўтамиз, бу воқеадан кўп ўтмай 17 июль куни Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес ҳам жорий йилнинг сентябрь ойида ишдан кетиш ниятида эканини билдирган эди.
LiveБарчаси