Вьетнамда Telegram бутунлай блокланиши мумкин
Олам
−
23 Май 2387 2 дақиқа
Вьетнам Технология вазирлиги жиноятга қарши курашда ҳамкорлик қилмагани сабабли Telegram иловасини блоклашни буюрди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, телекоммуникация компанияларига Telegram’ни блоклаш чораларини кўриш ва бу ҳақда жорий йилнинг 2 июнигача вазирликка ҳисобот бериш топширилган. Ушбу қарор мамлакат Киберхавфсизлик бошқармаси номидан чиқарилган бўлиб, полиция Telegram’даги 9 600 та канал ва гуруҳларнинг 68 фоизи қонунни бузганини аниқлагач, қабул қилинган. Мазкур қонунбузарликлар орасида фирибгарлик, гиёҳванд моддалар савдоси ва “терроризм билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар” ва бошқа шу каби фаолиятлар тилга олинган.
Дунё бўйича Facebook, WhatsApp ва WeChat каби ижтимоий тармоқларга рақобатчи ҳисобланган Telegram 23 май ҳолатига кўра, Вьетнамда ҳануз фаол.
Маълумот ўрнида, Вьетнамни бошқараётган Коммунистик партия оммавий ахборот воситаларини қатъий назорат қилади ва мухолифатга деярли тоқат қилмайди. Мамлакатда Facebook, Google, YouTube ва TikTok каби компанияларнинг контентлари “зарарли” деб топилган. Хусусан, Вьетнам ҳукумати улардан ҳақоратли, ёлғон ёки давлатга қарши деб баҳоланган контентларни йўқ қилиш учун ҳамкорлик қилишни бир неча бор сўраган.
Ҳозирда Вьетнам ҳукумати Telegram ижтимоий тармоғини қонунга хилоф ахборотни кузатиш, ўчириш ва блоклашни талаб қилувчи қонунларни қўлламаётганликда айбланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Доғистон Республикаси рақамли ривожланиш вазири Юрий Гамзатов Telegram мессенжери Доғистон ва Чеченистонда блокланганини маълум қилганди. Гамзатов Telegram кўпинча душманлар томонидан қўлланилишини, бунга Махачқалъа аэропортидаги тартибсизликлар мисол бўла олишини иддао қилган.
Жалолиддин Раҳмонов
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь