ЎзПФЛ “Нефтчи” — “Турон” ўйинидаги жанжал бўйича баёнот берди

Жамият

image

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Про лиганинг сўнгги тури доирасида Фарғонанинг “Нефтчи” ҳамда Яйпаннинг “Турон” клублари ўйинида юз берган тартибсизлик бўйича баёнот берди.

ЎФАнинг маълум қилишича, Муросасиз кечган баҳс якунида ҳакамларга нисбатан “Нефтчи” футбол клуби футболчилари ҳамда мухлисларининг тажовузкор хатти-ҳаракатлари ички ишлар органлари ходимлари томонидан тезда тўхтатилган. 

“Нефтчи” — “Турон” учрашуви кутилганидек шиддатли кечди ва унда меҳмонлар 1:0 ҳисобида ғолиб чиқиб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Муросасиз кечган баҳс якунида ҳакамларга нисбатан “Нефтчи” футбол клуби футболчилари ҳамда мухлисларининг тажовузкор ҳатти-ҳаракатлари кузатилди, майдонда тартибсизлик вужудга келди. Ички ишлар органлари ходимларининг саъи-ҳаракатлари сабаб кўнгилсиз ҳолат тезда бартараф этилди”, дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, шу куни беллашувни томоша қилиш учун Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, шунингдек, вилоятнинг бир қатор мансабдор шахслари “Истиқлол” стадионида бўлган. Улар ҳам тартибсизликни бартараф этишга ёрдам берган.

“Кўнгилсиз воқеанинг тезликда бартараф этилишида уларнинг ҳиссаси катта бўлди. Беллашув якунида вилоят ҳокимининг ўзи “Турон” футболчиларини тақдирлаш учун майдонга чиқди.

Бунга қадар тез тиббий ёрдам учрашув ҳакамларига ёрдам кўрсатди ҳамда уларнинг ҳолатларини текширувдан ўтказди. Шу куни ҳакамлар бригадаси ва умуман учрашувда бевосита иштирок этган шахсларнинг оғир тан жароҳати олиши ҳолати кузатилмади. Бугун, 2 декабрь куни учрашув расмийлари ЎзПФЛ вакиллари билан биргаликда Тошкентга қайтиб келди, айни вақтда уларнинг саломатликлари билан боғлиқ муаммолар йўқ”, дея маълум қилган ПФЛ.

Бугуннинг ўзида ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар бўлими экспертлари учрашувни ўрганиб чиққан.

“Унинг бурилиш нуқталари асосан уч вазиятда юз берган:

•    14-дақиқада бош ҳакам мезбонлар дарвозасига пенальти белгилади. Мазкур вазиятга ҳакам анчагина яқин бўлгани унинг ютуғи бўлди ва у ҳақли равишда 11 метрлик жарима зарбаси белгилади;

•    45-дақиқада тўп “Турон” футболчисининг қўлига теккандек туюлди, ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳакам жарима белгиламай, тўғри қарор қабул қилган. Сабаби тўп футболчининг тана қисмига теккан;

•    90-дақиқада тўп яна бир бор “Турон” футболчисининг қўлига теккандек туюлди. Такрорий лавҳа эса тўп футболчининг кўкрак в елка қисмига текканини кўрсатди, қолаверса, бу ерда ҳимоячининг қўли табиий ҳолатда турганди. Ҳакамнинг бу қарори ҳам тўғри бўлди.

Шундан келиб чиқиб, учрашувни яхши бошқариб борган ҳакам 8,3 баллга лойиқ кўрилди, унинг ҳаракатлари яхши баҳоланди. ЎзПФЛ беллашувдаги провакацион ҳаракатларга учмай, мураккаб ўйинни борича бошқариб борган ҳакамлар бригадасига ўз миннатдорчилигини билдиради. Шунингдек, бугун ЎзПФЛ мазкур ишни тегишли қўмиталарда ўрганиб чиқиш ҳамда айбдорларни жазолашни сўраб, ишни ЎФАга оширди.

Кечаги куннинг ўзида ЎзПФЛ расмийлари Фарғона вилояти ИИББ вакиллари билан мулоқотда бўлди ҳамда қонунчилик асосида уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди. Ўйиндан кейин ўзини нопрофессионалларча тутган мезбонлар вакиллари ва бунинг оқибатида тақиқланган ҳудудни кесиб ўтган футбол мухлислари билан вилоят ИИББ шуғулланмоқда. Айни вақтда ЎФА тегишли қўмитасида ҳам, ИИББда ҳам ишни ўрганиш учун етарлича далиллар мавжуд”, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, ўйиндан кейинги жанжал бўйича 6 кишига жиноят иши очилди, 5 кишига маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

футбол ЎзПФЛ

Баҳолаганлар

472

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг