Фарғонада футбол ўйинидаги тўполон бўйича жиноят иши қўзғатилди
Жамият
−
02 Декабрь 2020
12531Аввалроқ, Фарғонада футбол ўйинидан кейин жанжал юз бергани, футболчи ва мухлислар ҳакамни калтаклагани ҳақида хабар берган эдик. Фарғона вилояти ИИБ мазкур ҳолат юзасидан тартибсизлик келтириб чиқарганлар ушланганини маълум қилганди.
Фарғона вилояти ИИБ мазкур жанжал юзасидан қўшимча маълумот берди.
Қайд этилишича, шу куннинг ўзида Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “в” банди (оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговга киришилган.
Мазкур жиноят иши доирасида 6 нафар шахслар юқоридаги модда билан иш бўйича гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, улар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.
Шу билан бирга, оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда иштирок этган 5 нафар шахсларнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги боис, улар маъмурий тартибда ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Тергов ҳаракатлари якунига кўра, ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Мазкур ҳолат вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинган. Тергов ҳаракатлари якунига кўра, қўшимча хабар берилади.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган Про-лига мусобақасининг якуний учрашувида “Нефтчи” ва “Турон” жамоаси куч синашди. Унда “Турон” жамоаси 0:1 ҳисобида ғалабага эришиб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритди.
LiveБарчаси