“Ўзбекнефтгаз” даромади 2023 йилда ярим бараварга камайди

Жамият

image

2023 йилда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг соф фойдаси икки баробарга камайди. Бу ҳақда “Капитал Депозит” инвестицион компанияси хабар берди.

Қайд этилишича, ўтган 2023 йилда “Ўзбекнефтгаз”нинг соф фойдаси 611,6 млрд сўмни ташкил этган. Бу 2022 йилдаги даромадга нисбатан 52,6 фоизга кам. 

Компания тушумлари 11,2 фоизга ўсиб, 14,7 трлн сўмга етган, дивиденд кўринишидаги даромадлар 1,2 трлндан 2,5 трлн сўмга кўпайган. Компания узоқ муддатли банк кредитлари миқдорини 18 трлн сўмдан 17,6 трлн сўмга камайтиришга эришган бўлса, қисқа муддатли кредитлар уч баробарга ошиб, 746,8 млрд сўмдан 2,2 трлн сўмга етган.

Умуман олганда, охирги 3−4 йил ичида компания фойдаси 5 баробарга камайди. 2023 йилги маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакатда 295 та нефть-газ кони бор. Шундан 118 таси – 40 фоизига давлатга қарашли “Ўзбекнефтгаз” эгалик қилади. Қолган 176 таси қўшма корхоналар ва хорижий компанияларга тегишли.

Ўтган йилги учрашувда “Ўзбекнефтгаз”нинг собиқ раиси Меҳриддин Абдуллаев ОАВ вакилларига компания ихтиёрида 2017 йилдан кейин асосан газ конлари қолганини маълум қилган эди. Нефть конларининг асосий қисми эса (104 та нефть кони) оффшор зона ҳисобланмиш Кипрда рўйхатдан ўтган хорижий компания “Саноат энергетика гуруҳи” (Санег; аввалги Jizzakh Petroleum)га берилган.

Маълумотлар шуни кўрсатадики, “Ўзбекнефтгаз”нинг газ қазиб олиш ҳажми йилдан-йилга қисқармоқда. Компания томонидан 2021 йилда 33,9 млрд куб, 2022 йилда эса 32,2 млрд куб метр табиий газ қазиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзбекнефтгаз”га тегишли 78 та АЁҚШ ва “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга қарашли компанияга сотиб юборилган эди. Давлат активларини бошқариш агентлиги уларнинг қачон ва қанчага сотилгани тўғрисида ҳалигача маълумот бермади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекнефтгаз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made