Ўзбекистоннинг 2025 йилгача мўлжалланган инвестиция стратегиясида нималар режалаштирилган?
Жамият
−
28 Июнь 2019
4853Бугун, 28 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилгача мўлжалланган инвестиция ва саноат сиёсати стратегияси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро экспертлар, мамлакатимиз ва хорижий консалтинг компаниялари, илмий-тадқиқот муассасалари, бизнес-ҳамжамият мутахассислари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ҳозирги вақтда жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатларида жиддий пасайиш кузатилмоқда. Бундай шароитда Ўзбекистон миллий иқтисодиётга катта миқдорда инвестициялар киритилишига кўмаклашадиган чуқур таркибий ислоҳотлар ўтказишга интилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилгача мўлжалланган инвестиция ва саноат сиёсати стратегияси айнан мамлакатда инвестиция фаолиятини кучайтириш, тегишли муҳитни яхшилашга қаратилган.
Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидаги учта йўналиш бўйича аниқлаб олинган: инвестиция муҳитини яхшилаш, инвестицияларнинг ички манбаларини фаоллаштириш ва инвестиция ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, самарали операцион чора-тадбирларни амалга ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг янги ёндашувларини ишлаб чиқиш.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини ошириш ва жаҳон стандартларига мувофиқлигини таъминлаш саноатни ривожлантиришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, тармоқларнинг инновацион салоҳиятини ошириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳам асосий вазифалар орасида қайд этилди.
Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатга мўлжалланган инвестиция ва саноат сиёсати стратегияси хусусий бизнесни ривожлантириш учун инвестиция муҳити ва шарт-шароитларни яхшилашга эришиш имконини бериши таъкидланди.
Муҳокама чоғида Ўзбекистонга хорижий капитални жалб қилиш соҳасидаги муҳим муаммолар ва уларни ҳал қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Бизнес-ҳамжамият ва консалтинг компаниялари вакиллари муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Мамлакат ҳудудлари иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилишнинг ҳуқуқий асослари ва механизмларини, усулларини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар берилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь