Калтакнинг бир учида ДБҚ, иккинчисида вазирлик. Божга бош-қошлар нега панада?
Таҳлил
−
28 Декабрь 2019
9758Давлат божи. Кўпчиликнинг кўз олдига бож деганда йўқ жойдан пайдо бўлиб оёғингизга кишан бўлувчи харажатлар келади. Агар бирорта бож кўтарилса ёки янги бож пайдо бўлса, давлатни айблашга тушади. Агар янги ёки кўтарилаётган бож қайси ташкилотнинг манфаатига дахлдор бўлса, ҳамма ўша ташкилот божни оширган дея айблашга ўтади. Бу гапларда қанчалик жон бор?! Аслида, божни ким солади?
Манфаатдор ташкилот
Куни кеча “Ўзбекистон” телеканалида “Муносабат” ток-шоусининг навбатдаги сони эфирга узатилди. Унда автомобилсозликдаги камчиликлар, ютуқлар масаласи кўтарилди. Кўпчиликка маълум, 2020 йил 1 январдан бошлаб импорт қилинаётган нархи 40 минг АҚШ долларидан ошган енгил автомобиллар учун 0% миқдоридаги ставка кўлланилиши бекор қилинди. Яъни, олдинги тартибга яна қайтилди. Кўрсатувда масъулларга оппонент саналмиш экспертлар айнан шу бож масаласида “Ўзавтосаноат” АК вакилларига юзланди. Компания расмийлари божни белгилашда ваколатли орган эмасликларини билдиришди. Хўш, унда ким?
Юқоридаги ҳолатларда божнинг кўтарилиши ёки янгиси солинишидан балки тегишли компаниялар, ташкилотлар манфаатдор бўлиши мумкин. Бу –иқтисодиёт, бу – бизнес. Ким ўзининг манфаатига қарши иш қилади?
Божни божхоначи соладими?
Халқ орасида бир тушунча бор. Бож кўтарилди ёки янгиси солинди ва бунда ким айбдор – Божхона қўмитаси айбдор? Аслида ҳам шундайми? Келинг, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида буларга жавоб топсак.
Божхона органларининг ваколатлари “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонунда келтириб ўтилган. Ушбу қонунда қўмита божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш, божхона тўловларини ундириш, фуқароларнинг божхона соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини юксалтириш каби ваколатларга эга эканлиги белгиланган. Бироқ бож ставкаларини белгилаш ҳақида гап бормаган. Яъни, Божхона қўмитаси божларни жорий этиш эмас, балки мавжуд божларни ундириш, назорат қилиш масалаларида иш юритади. Бу ташкилот шунчаки ижро этувчи, холос.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг божга қандай алоқаси бор?
Божни белгилаш кимнинг ваколатида эканлигини норматив-ҳуқуқий хужжатларни варақлаб топдик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5643-сонли “Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида бож ставкаларини белгиловчи, “божлар яратувчиси” бўлган ташкилотни аниқладик.
Фармоннинг 1-бандида соҳада бошқарув тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилган. Унда келтирилган бешинчи пунктда қуйидагича ёзилган:
– барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида оптимал божхона-тариф сиёсатини амалга ошириш, Жаҳон савдо ташкилотига интеграциялаш, бошқа кўп томонлама савдо-иқтисодий тизимлар билан ҳамкорлик қилиш;
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 майдаги 390-сон қарорида келтирилган Низомда вазирликнинг вазифа ва функциялари белгиланган. Низомнинг 12-бандининг 7-хатбошида,
Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқади, ташқи савдонинг асосий кўрсаткичлари параметрларини шакллантиришда ва мамлакат божхона-тариф сиёсатини такомиллаштиришда қатнашади, дея келтирилган.
Бундан кўриниб турибдики, бож ставкаларини белгилаш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг зиммасида. Шу сабабли, онгимизда қотиб қолган – божни божхона белгилайди, деган тушунчани чиқариб ташлаш керак.
Айнан автомобиль олиб кириш бўйича енгни шимариб ҳисоблашга ўтсак. Мисол қилиб, Жанубий Кореянинг Hyundai Porter’нинг кондиционери йўқ вариантини қанчага олиб кириш мумкин.
Автомобиль учун божхона ҳисоб-китоби
Hyundai Porter – божхона қиймати 11316,67 АҚШ доллари. Ушбу миқдорга қараб қолган тўловлар ҳисобланади:
• 22, 63 доллар божхона йиғими – божхона қийматининг 0,2 фоизи;
• 6391,4 доллар бож – божхона қийматининг 30 фоизи ва 1,2 доллар куб/метр;
• 15 412, 67 доллар акциз – божхона қийматининг 70 фоизи ва 3 доллар куб/метр қилиб белгиланган.
Ушбу миқдорларни жамлаганда 21 826, 7 доллар келиб чиқди. Бу кичик рақам эмас.
Энди келиб чиққан суммадан қўшилган қиймат солиғига келсак, бу ҳам қизиқ жараён. Хориждан олиб кирилаётган ушбу автомобилга ҚҚС 15 фоиз қилиб солинган. У ҳам қандай ҳисобланади? Шундайлигича автомобиль божхона қиймати (11316,67 доллар)га эмас, юқоридаги тўловлар билан ҳисобланган суммага нисбатан ҳисобланади. Яъни 11316,67 ва 21 826, 7 қўшилган сумманинг, яъни 33 120, 74 долларининг 15 фоизи. Бу дегани 4 968,11 доллардир. 11316,67 доллар қаёқда-ку 33 120,74 доллар қаёқда?
Ҳаммаси бўлиб 26 797,18 доллар, яъни 255 011 889 сўм дегани (27 декабрь ҳолатига).
Биргина 11316,67 доллар дея баҳоланувчи Hyundai Porter Ўзбекистонга кирадиган бўлса, бунинг учун 255 011 889 сўм тўлов қилишингиз лозим. Лекин ушбу маркали машинангизда кондиционер бўлса, бахтингиз. Бу сумма 16 391 952 сўм бўлиши мумкин.
Келинг, айнан бу маркадаги автомобилга бошқа давлатларда қандайлигини таққосласак.
Мисол қилиб, бу автомобилни Арманистонга олиб кирмоқчи бўлсангиз, 10 фоиз бож (1131 доллар), 20 фоиз ҚҚС (2489 доллар) ва 10 фоиз (1131 доллар) атроф-муҳит учун солиқ тўлайсиз. Яъни, 4753 доллар тўлаш мумкин.
Тожикистонда бу маркали автомобилга бож солиниши соддароқ тартибга олинган. Бундай мураккаб жараён шарт эмас. Бундай машинага 1700 долларгача тўлов қилинади ва мамлакат ичига ҳайдаб кириш мумкин.
Вазирлик оммага очиқми?
Агар гап божхона-тариф сиёсати ҳақида борса, доим қўмитага бериб келаётган саволларимиз нишонига сиз ҳам қўшилдингиз. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, бож ставкаларини нега бунчалик баланд?
Автомобиль, тайёр маҳсулотлар, маиший техника маҳсулотларига қўлланиладиган божлар, яъни протекционизмга асосланган божхона сиёсати нима учун керак? Бу рақобатни қўллаб-қувватлаш ўрнига бозор ривожига тўсиқ-ку. Бир солиқ тўловчи фуқаро сифатида бундай саволларга жавоб олишга ҳар қандай шахснинг ҳуқуқи бор.
Вазирлик бу йил ҳам матбуотга очилмади. “Биз матбуот учун очиқмиз” дейиш учун йилда 1-2 марта тадбирга бориб ҳисоб бериш эмас, ОАВ билан доимий алоқада бўлиш тушунилади. Тўғриси, шу кунгача бирор ОАВга вазир интервью берганини ҳам кўрмадик.
Вазирликни танқид қилган фақат биз эмас. Жорий йилнинг 24 июль куни сенаторлар ҳам вазирликни танқид остига олди. Қайд этилишича, вазирлик 2019 йилнинг биринчи ярмида бажарилиши белгиланган 9та вазифанинг 4тасини амалга оширмаган. Сенаторлар буни ҳурматсизлик деб қабул қилишганди. Вазирликка қарата сенатор Алишер Курманов шундай деган эди:
“Вазирлик кўп ишларни қиляпти, тўғри. Лекин ижро интизоми қониқарли аҳволда эмас. Буни биз ҳам кўряпмиз, Вазирлар Маҳкамаси ҳам қайта-қайта таъкидлаяпти. Энг муҳим масалалар очиқ қоляпти. Бир қатор хорижий мамлакатлар учун божхона тарифларини камайтириш белгиланган эди. Бу бўйича ҳеч бир иш қилинмаган”.