Ўзбекистонликлар учун Саудия Арабистонига виза олиш соддалаштирилиши кутилмоқда
Жамият
−
22 Май
8121Ўзбекистоннинг Саудиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нодиржон Турғунов Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирининг консуллик масалалари бўйича ўринбосари Али ал-Юсуф билан Ўзбекистон фуқароларини виза талабларидан озод қилиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, учрашувда икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлашувларни ўтказиш ва Ўзбекистон фуқароларини виза талабларидан озод қилиш истиқболлари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Али ал-Юсуф Ўзбекистоннинг минтақада илғор ривожланиб бораётганини ва бир қатор йирик тадбирларга мезбонлик қилаётганини эътироф этган. Хусусан, жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида "Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" стратегик мулоқоти Ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилиши юқори даражада бўлиб ўтгани таъкидланган.
Қолаверса, шу йил март ойида Ар-Риёз шаҳрида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси ҳам муваффақиятли ўтгани қайд этилган.
"2023 йил 1 январь ойидан бошлаб Саудия фуқароларига Ўзбекистонга 30 кун муддатда визасиз кириш тартибини жорий этилгани бизни жуда қувонтирди. Бу ўз ўрнида сайёҳлар оқимининг ошишига, ўзаро савдо ҳажмининг ортишига туртки бўлмоқда", деган Саудия Арабистони ТИВ раҳбари ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонликлар учун қанча Ҳаж квотаси ажратилгани айтилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь