Ҳаводаги заҳарли чанг қачонгача сақланиб қолиши айтилди
Бу қизиқ
−
23 Ноябрь 8042 2 дақиқа
Янги ҳафтанинг охиригача ҳаво ифлослигича сақланиб туради. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
“Мазкур ҳафта учун қилинган прогнозга мувофиқ, об-ҳаводаги инверсия ҳолати 24 ноябрдан кейин ортга чекиниши кутилган эди. Бироқ янгиланган синоптик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, инверсия жараёни келгуси ҳафта охиригача сақланиб туради”, дейилади ташкилот берган ахборотда.
Янгиланган прогнозларга кўра, ҳаво қатламларининг аралашишига тўсқинлик қилаётган об-ҳаво шароити келаётган ҳафтанинг охиригача сақланиб туриши мумкин.
Қайд этилишича, бу даврда ҳаво сифати нобарқарор бўлиши табиий ҳол бўлиб, кўрсаткичлар кун давомида ўзгариб туради. Ҳаво сифатининг яхшиланиши ҳаво массаларининг алмашиши, шамолнинг кучайиши ёки ёғингарчилик тушиши билан боғлиқ бўлади.
Ўзгидромет ҳар куни эрталаб ва кечқурун атмосфера ҳавосининг асосий кўрсаткичларини расмий каналлар орқали эълон қилиб боришини эслатиб ўтди.
“Кузатилаётган ҳолат – табиий, вақтинчалик ва мавсумий жараён. Ваколатли давлат органлари вазиятни доимий кузатиб бормоқда ва зарурат туғилганда тезкор чоралар кўрмоқда”, таъкидланган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 11 ноябрь куни Тошкент ва Андижон шаҳарларида ҳаводаги зарарли чанг миқдори меъёрдан анча ортиб кетганди. 16 ноябрь куни ҳам Тошкент атмосферасидаги майда заррачалар миқдори меъёрдан бир неча баравар ошди. 20 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахти дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича 2-ўринга чиқди. Мутахассислар ифлосланишнинг ортишини, кескин ҳарорат ўзгаришлари туфайли юзага келган инверсия билан боғлиқ эканини айтмоқда. Бундай шароитда зарарли зарралар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолади. Ҳаво сифатини яхшилаш учун пойтахтнинг Яккасарой туманида жойлашган Тошкент иссиқлик электр марказида мазутдан воз кечилди.