Ўзбекистонлик мигрант чет элда жиноятга қўл урса...
Интервью
−
26 Сентябрь 2020
12540Хорижда қолаётган ўзбекистонликлар чет мамлакатда ҳуқуқбузурлик содир этса ёки жабрланса, унинг дахлсизлиги таъминланадими? Умуман олганда, Ўзбекистон ўз фуқароларини қандай ҳимоя қилади? Бугун мамлакат ташқарисида жиноятчиликда айбланаётганлар қанча? Бу ҳақдаги саволлар QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинованинг Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик ҳуқуқий департаменти бошқармаси бошлиғи Бурхон Алиқулов билан ўтказган суҳбатида ўртага ташланди.
Алиқуловга кўра, Ўзбекистоннинг чет мамлакатларда фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлари билан боғлиқ бўлган ҳамкорлиги 1963 йилда қабул қилинган Вена конвенцияси доирасида амалга оширилади.
“Шу ҳужжатда чет эл фуқаро мамлакат ҳудудида қўлга олинса, бу ҳақда ўша мамлакатнинг элчихонасини хабардор этиш белгилаб қўйилган. Бу тартиб амалиётда бор. Бошқа давлатларда фуқароларимизнинг ҳуқуқбузарлиги билан боғлиқ ҳолатлар бўйича алоқалар яхши йўлга қўйилган. Қайсидир фуқаромиз чет эл ҳудудида маъмурий ёки жиноий ҳуқуқбузарлик содир этса, бизга хабар берилади.
Фақат бу ерда эътибор қаратиш керак бўлган муҳим нарса борки, бу ҳам бўлса ўша фуқаронинг розилиги. Биласиз, хорижда, жумладан Ўзбекистонда ҳам шахсий маълумотларнинг дахлсизлигига оид қонунлар бор. Шахс тўғрисидаги ҳар қандай маълумот махфий ҳисобланади. Шахснинг розилигисиз у ҳақидаги маълумотларни бошқаларга бериш, қонунан тақиқланган. Бу норма ҳибсланган фуқароларга нисбатан ҳам тадбиқ этилади. Чет элда қонуннинг ушбу нормаси жуда яхши ишлайди. Агар фуқаронинг ўзи эътироз билдирмаса, ушлангани ҳақидаги маълумотни ўз давлати элчихонасига етказиш мумкин. Бу маълумотлар бизга келиб тушгач, уни Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларига етказамиз. Чунки мониторинг ва статистика айнан шу ташкилотлар томонидан юритилади.
Ҳозир чет элда қанча фуқаромиз жавобгарликка тортилиши бўйича аниқ маълумот беролмаймиз. Чунки, одатда бундай ҳисоблатлар йил якунлари бўйича тақдим этилади.
Чет элдаги ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилишда нафақат Вена конвенцияси, балки минтақавий, қолаверса, ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги икки томонлама шартномалар ҳам мавжуд.
Шунингдек, 1993 йилда қабул қилинган Минск конвенцияси бор. У жуда катта ҳужжат ва жуда кўп масалаларни ўз ичига қамраб олади. Унга кўра, МДҲ давлатлари Адлия муассасалари бевосита ва тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориши мумкин”, дейди Алиқулов.
Айни вақтда расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг чет элда меҳнат қилаётган фуқаролари сони 2 миллиондан ошган. Уларнинг 1,5 миллиони Россияда, 200 мингга яқини Қозоғистонда, 70 минг нафари Кореяда фаолияти юритади. Улар сони ортиб бориши эса, албатта, ҳуқуқбузарликлар статистикасининг юқорилашига ҳам ўз таъсирини кўрсатади? Хўш, бу кўрсаткич ошиб боряптими? Умуман олганда, ўзбекистонлик мигрантларнинг чет элдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайси вақтларда ортади? Бу саволга ТИВ расмийси қуйидагича жавоб берди:
“Бу тенденция доимий ошиб боради, дейишимиз нотўғри. Маълум бир вақтда кўрсаткичларнинг юқорилаганини кўришимиз мумкин. Буни чет мамлакатга кетаётган фуқароларимизнинг ўша давлат қонунлари ва тартибларини билмаслиги билан изоҳлаймиз. Масалан, Ўзбекистонда рухсат этилган айрим нарсалар бошқа мамлакатда жиноят, ҳуқуқбузарликнинг таркиби бўлиши мумкин. Шу сабаб фуқароларимиз ўзи билмаган ҳолатда шундай вазиятга тушиб қолади ва бу статистикаларнинг ошиб кетишига олиб келади.
Миграция масаласи йилдан йилга долзарб бўлиб бораётган бугунги кунларда чет элга кетаётган фуқароларимиз ҳам олдиндан ўқиб, қизиқиб, тайёр бўлиб бориши керак. Президентимизнинг 14 сентябрда қабул қилинган қарорида тартибли, хавфсиз меҳнат миграциясини ташкил этиш дейилишида ҳам чет элга кетаётган фуқаро ҳали Ўзбекистонда турибоқ тайёр бўлиши назарда тутилган.
Шундай нарсаларга гувоҳ бўлганманки, чет элга ишлагани кетган фуқаромиз самолёт ёки поезддан тушганидан кейин қаерга боришни, нима иш қилишини билмайди. Ҳатто, тасаввури ҳам йўқ. Уни кимдир чақирган бўлади. Мана шулар миграцияни қонуний тартибга солишни тақазо қиляпти”.
Ушбу видеоинтервьюни тўлиқ шаклда QALAMPIR.UZʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси