Ўзбекистонга яна 5,5 млн доза вакцина олиб келинади
Жамият
−
01 Апрель 2021
5249Жорий йил июнь ойигача Ўзбекистонга яна 5,5 млн доза коронавирусга қарши вакцина олиб келиниши режалаштирилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатларини камайтириш мақсадида COVID-19 га қарши эмлаш тадбирларига тайёргарлик кўриш ишлари якунланмоқда.
“COVID-19 билан касалланишда хавф ости гуруҳига мансуб тўрт миллиондан ортиқ аҳоли қатламини биринчи навбатда эмлаш тадбирлари учун COVAX дастури доирасида 660 минг доза AstraZeneca ҳамда Хитой ва Ўзбекистон олимлари хамкорлигида яратилган 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакциналари келтирилди.
Бундан ташқари, COVAX доирасида жорий йилнинг май-июнь ойларида 2 миллион доза AstraZeneca, апрель-июнь ойларида эса 3,5 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакциналарини мамлакатимизга келтириш режалаштирилган”, деган вазир Хожибоев.
Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Россия Федерациясидан 1 миллион доза “Спутник V” вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланмоқда.
Шу билан бирга, айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан яна қўшимча AstraZeneca вакцинасини харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.