Ўзбекистонга кириб келаётган ун ҳажми қарийб 50 фоизга камайди

Жамият

image

Коронавирус пандемияси натижасида охирги уч ойда Ўзбекистонга кириб келаётган ун ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 50 фоизга, дон 31 фоизга камайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 апрель куни пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, баҳорги агротехник ишларни самарали ташкил қилиб, ҳосилдорликни ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида айтилган. 

Йиғилишда қайд этилишича, бугунги эпидемиологик вазият ҳар қандай шароитга тайёр бўлиш даркорлигини, озиқ-овқат аҳолининг талаби даражасида захира қилиниши зарурлигини кўрсатмоқда.

Ўтган йили ғалланинг давлат харид нархлари оширилиб, деҳқонларнинг манфаатдорлиги таъминлангани ва қўшимча дон етиштирилгани учун ички бозордаги нархлар барқарор сақланиб турибди.

Йиғилишда бу мавсумда эса қўшимча агротехник тадбирларни бажариб, ғалла ҳосилдорлигини 20 центнер кўпайтириш, гектаридан камида 70 центнердан ҳосил олиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда ҳар бир вилоят ва туман учун илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқиб, уларга мувофиқ агротехник тадбирларнинг тўғри йўлга қўйилишини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Ғаллани озиқлантириш, занг касаллиги, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши кимёвий ишлов бериш, ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Жорий йилда ташкил қилинган 102 та ғаллачилик кластери фермерларга намуна бўлиб, олинган қўшимча дон ҳисобидан аҳолига арзон гўшт, балиқ ва паррандачилик маҳсулотлари етказиб бериши мақсадга мувофиқ.

Пандемия даврида барча давлатлар озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги юзага келишининг олдини олишга қаратилган жиддий чораларни кўрмоқда. Ўтган йили май-декабрь ойларида юртимизга 116 минг тонна кунгабоқар, 7 минг тонна соя, 15 минг тонна гуруч, 2,6 минг тонна дуккакли экин ёрмалари импорт қилинган.

Бу озиқ-овқат маҳсулотлари турлари ва ҳажмини кўпайтириш устида жиддий ишлаш кераклигини англатади. Нафақат импорт ўрнини тўлдириш, балки янги экспорт бозорларида ўрин топиш зарур. Шунда ҳозирги глобал инқироздан кучли давлат бўлиб чиқиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 641 нафарга етди. Бугунгача уларнинг 42 нафари даволанди ва 3 нафари вафот этди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

ун

Баҳолаганлар

164

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made