Ўзбекистонга Хитойдан 1 млн доза вакцина олиб келинди
Жамият
−
27 Март 2021
4135Бугун, 27 март куни Хитойдан Ўзбекистон олимлари билан ҳаммуаллифликда тайёрланган коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасидан 1 млн доза олиб келинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси – биологик келиб чиқишга эга тиббий препарат бўлиб, инсон организмида маълум вирус ёки бактерияга қарши иммунитет ҳосил қилиши билан қийматлидир. ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилган, Аnhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган ҳамда ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир.
Хитой-Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини яратишда коронавирус ташқи оқсили биотехнологик усул билан синтезланиб олинган бўлиб, организмга юборилганда оқсилга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади. Бундай вакциналар бошқа турдаги вакциналар билан солиштирганда, энг юқори хавфсизлик профилига эга ҳисобланади.
Бугунга кунга қадар ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг III-фаза синовларида етти мингга яқин киши эмланган бўлса, уларнинг ҳар биридаги ўзгаришлар тўла назорат қилиб борилмоқда. Олиб борилаётган мазкур тадқиқотлар давомида эмланган кўнгиллилар организмида вакцинанинг жиддий ножўя таъсирлари қайд этилмади. Мазкур вакцина Ўзбекистон ҳудудида III-фаза синов тадқиқотлари ўтказилган ягона вакциналиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Аввалроқ, Ҳиндистондан 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси олиб келинганди. Мамлакатда апрель ойи бошидан коронавирусга қарши кенг кўламли вакциналаш бошланиши кутиляпти.
LiveБарчаси