Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш ишлари 1 апрелдан бошланмаслиги мумкин

Жамият 5400
image

Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишлари жорий йилнинг 1 апрелидан бошланиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ эмлаш ишлари режадагидек бошланмаслиги мумкин. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маълум қилди.

Қайл этилишича, коронавирус инфекциясига қарши эмлашни ташкил этиш учун жиддий тайёргарлик кўриляпти. Вакциналарни жойларга етказиб бериш ҳам вақт талаб қилган. Келтирилган вакциналар 20 мартга қадар вилоятлардаги эмлаш пунктларига етказилган. 

"Улар Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги махсус омборхоналарда совуқлик занжирига амал қилинган ҳолда сақланмоқда. Эмлашнинг нега шу кунларда бошланмаганига тўхталсак, маълумки, 20-21-22 март кунлари Наврўз байрами муносабати билан республика аҳолиси учун дам олиш кунлари эълон қилинди. Шу жумладан, тиббиёт ходимлари ҳам шу кунларда дам олишди", дейилади СЭОЖСХ хабарида.

Шу сабабдан вирусга қарши эмлаш ишлари 1 апрелдан эмас, 5 апрелдан бошланиши мумкин. Лекин бу кечикиш вакциналар сифати ёки тиббиёт ходимлари тайёргарлиги билан боғлиқ эмас. 

"Бу билан боғлиқ муаммо йўқ. Вакциналарни олиб келиш, сақлаш, эмлаш ишларига уч ойдан бери тайёргарлик кўряпмиз. Ҳаттоки бу жараёнда ҳосил бўладиган тиббий чиқиндиларни ўрнатилган тартибда йўқ қилиш бўйича ҳам алоҳида кўрсатмалар берилган", дея якунланган ташкилот хабари.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 185
Рейтинг: 2.9
t
×