Ўзбекистонга коронавирусга қарши 660 минг доза вакцина олиб келинди
Жамият
−
17 Март 2021
6782Бугун, 17 март куни тунда Ўзбекистонга 660 минг доза COVID-19 га қарши AstraZeneca вакцинаси олиб келинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Ушбу вакциналарни етказиб бериш Эпидемияларга тайёргарликни таъминлаш мақсадида инновациялар учун коалиция (CEPI), Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс (GAVI), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF)дан иборат бўлган COVAX глобал ҳамкорлиги доирасида амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон GAVI ташкилотининг COVAX дастурига аъзо давлатлар қаторига киради. Шу боис, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йил январь ойида коронавирусга қарши эмлаш учун вакцина етказиб бериш юзасидан GAVI ташкилотига буюртма берилган эди”, дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов.
Қайд этилишича, ушбу ҳамкорлик доирасида йилнинг охирига қадар мамлакатга умумий микдорда 20 фоиз аҳолини эмлаш учун етарли даражада вакцина, шприц ва хавфсиз утилизация қутилари етказиб берилиши кўзда тутилган. COVAX фонди ҳисобидан Ўзбекистонга 2 миллион дозадан ортиқ AstraZeneca вакцинасини етказиш, шундан 2021 йил I чоракда 35-40 фоизини, қолган қисмини II чоракдан дунё бўйлаб вакциналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши режалаштирилган.
Бугун олиб келинган 660 минг доза вакциналар COVAX Ўзбекистон учун ажратган 2 миллион доза вакциналарнинг биринчи қисмидир. Вакциналарнинг қолган қисми яқин ойларда етказиб берилади.
Ушбу вакциналар билан республикада аҳолини короновирусга қарши эмлаш ишлари бошланади ва босқичма-босқич давом эттирилади.
Аввалроқ, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш ишлари Наврўз байрами арафасида бошланиши ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси