Ўзбекистонга келтирилган “Спутник V” вакцинаси ҳақида нималар биламиз? У қанчалик фойдали?
Саломатлик
−
07 Декабрь 2020
15661Дунёни янги хавф – коронавирус пандемияси қамраб олгач, ривожланган давлатлар ўртасида вакцина ишлаб чиқиш устида пойга бошланиб кетди. Бунинг учун миллиардлаб пул ажратилди. Сўнгги маълумотларга кўра, вакцина ишлаб чиқариш жараёнида тахминан 35 та компания ва академик муассаса иштирок этмоқда.
Шу бугунга қадар ишлаб чиқарилган вакциналарнинг энг самаралироғи дея, олимлар “Moderna” (АҚШ), “Pfizer” (АҚШ), “CoronaVac” (Хитой), “AstraZeneca” (Буюк Британия) ҳамда “Спутник V” препаратларини қайд этган. Жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистонга олиб келинган Россиянинг “Cпутник V” вакцинасига эса Марказий Осиё мамлакатлари давогарлик қилмоқда. Хўш, бу вакцина қанчалик фойдали? Ўзбекистонда ҳам синовлари бошланган “Cпутник V” ҳақида нималар маълум?
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг ноябрь ойида ўтган синовларнинг учинчи босқич биринчи оралиқ таҳлилига кўра, мазкур вакцинанинг самарадорлиги 92 фоизни ташкил этди. Шундан сўнг, Россия Президентининг топшириғига кўра, 5 декабрдан Россияда оммавий эмлаш ишлари бошланиб кетди.
Вакцина қандай ишлайди?
Маълум қилинишича, Гамалея маркази олимлари SARS-CoV-2 вирусининг генетик материалини олиб, ундан инфекция тарқалиш хавфини туғдирадиган репродуктив генни олиб ташлашган. Кейин улар уни “вектор” деб номланган ташувчига қўйишган.
Танага вакцина юборилганида, “вектор” курьер вазифасини бажаради ва уни организмдаги зарур ҳужайрага SARS-CoV-2 ни зарарсиз етказиб беради.
У ерда вирус иммунитет ишлаб чиқаради, яъни танада кейинчалик инфекциядан ҳимоя қилувчи антитаначалар пайдо бўлади.
“Спутник V” таркибига нималар киради?
“Спутник V” вакцинаси таркибига SARS-CoV-2 генетик материалидан ташқари, сахароза, этанол 95 фоиз, икки хил туз, магний хлорид гексагидрат сахароза, этанол 95%, икки хил туз, магний хлорид гексаҳидрат, полисорбат, сув ва “Трис” деб номланган кимёвий бирикма каби ёрдамчи моддалар киради. Уларнинг барчаси организм препаратни сўриб олишига ёрдам беради. Аммо шифокорларнинг огоҳлантиришича, улардан бирига юқори сезувчанлик исталмаган ён таъсирларни келтириб чиқариши мумкин.
Вакцинага кимларга аксил таъсир кўрсатиши мумкин?
Сурункали жигар ва буйрак касалликлари, гемопоэтик тизимнинг оғир касалликлари, эпилепция, шунингдек, қон томирлари ва марказий асаб тизимининг бошқа касалликлари билан касалланганлар эҳтиёткорлик билан эмланишлари керак. Қолаверса, юрак-қон томир тизими касалликлари, бирламчи ва иккиламчи иммунитет танқислиги, отоиммун касалликлар, ўпка касалликлари, астма учун шифокор билан маслаҳатлашиш зарур бўлади.
Қандли диабет ва метаболик синдром билан оғриган беморлар ҳам эҳтиёт бўлишлари лозим. Вакцинага қарши кўрсатмалар орасида ҳомиладорлик ва эмизиш даври ҳам киради. Бу тавсиялар Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан нашр этилган "Спутник V" кўрсатмасидан келиб чиққан ҳолда маълум қилинган.
Бундан ташқари, болаларни эмлаш тақиқланади, чунки ушбу гуруҳ вакиллари билан эмлаш синовлари ҳали олиб борилмаган.
Вакцинанинг салбий таъсири қандай?
Инъекция жойида оғриқ ва шиш, титроқ, иситма, бош оғриғи, чарчоқ, бўғим ва мушак оғриғи – буларнинг барчаси баъзи одамларда эмлашдан кейин пайдо бўлиши мумкин.
Кўнгил айниш, иштаҳани йўқотиш, шишган лимфа тугунлари ҳам пайдо бўлиши мумкин – барчаси препарат таркибий қисмларининг индивидуал таъсирига боғлиқ.
Гамалея маркази директорининг ўринбосари Денис Логунов таъкидлаганидек, вакцинани ўзларида синаб кўрган кўнгиллилар, танадаги қайтарилмас жараёнларни келтириб чиқарадиган жиддий ён таъсирларни ҳали аниқлашмаган. Яъни, юқоридаги ҳолатлар ўтиб кетади.
Эмлашга қандай тайёргарлик кўрилади?
Спиртли ичимликларни эмлаш кунида умуман ичмаслик керак, чунки у ҳеч қандай дори билан мос келмайди, дея огоҳлантиради РФ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош наркологи Евгений Брун. Шунингдек, спорт залига бормаслик, чекмаслик, ёғли ва қовурилган овқатлар истеъмол қилмаслик каби бажариш мажбурий бўлган шартлар ҳам бор.
Энг мақбули эмлаш кунини жисмоний зўриқишларсиз, хотиржам ўтказган маъқул, деб маслаҳат берган мутахассислар.
Эмлаш жараёни қандай кечади?
Препарат елкага қилинади, агар бунинг иложи бўлмаса, сонга урилади. Эмлаш уч ҳафта танаффус билан икки босқичда амалга оширилади.
Антитаначалар қанча муддатда пайдо бўлади?
COVID-19 га қарши эмланган одамларда антитаначалар икки-уч ҳафта ичида ривожланади. Бироқ баъзи популяциялар бу билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкин. Масалан, 80 ёшдан ошган одамлар уларни умуман ривожлантира олмайди, чунки улардаги иммун тизими аллақачон ишдан чиққан бўлади. Шунингдек, спиртли ичимликларни мунтазам равишда истеъмол қилувчиларнинг танаси препаратга таъсир ўтказмаслиги мумкин, чунки у ривожланаётган ҳужайралар учун заҳарли ҳисобланади, дея огоҳлантирди Гамалея маркази раҳбари Александр Гинцбург.
“Бундан ташқари, оғир стресс ёки доимий стресс ҳам антитаначаларни ишлаб чиқаришга ёрдам бермайди. Бундан ташқари, статинларни қабул қиладиганлар (ҳужайраларни кўпайишига таъсир қиладиган яллиғланишга қарши дорилар) ҳам бу борада ожиздирлар. Одатда бундай препаратларни саратон касалига йўлиққанлар қабул қилади”, деди шифокор.
Шаклланган иммунитет қанча вақт давом этади?
“Спутник V” билан эмланганидан кейин коронавирусга қарши иммунитет икки ёки ундан кўп йилгача давом этиши мумкин. Бу ҳақда Россиянинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Владимир Чуланов маълум қилган.
“Назарий жиҳатдан вирус жуда ўзгарувчан эмас ва биз унинг антиген тузилиши сақланиб қолади, деб умид қиламиз. Бундай ҳолатда, эмлаш ҳақиқатан ҳам узоқ муддатли таъсирга эга бўлиши мумкин”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, COVID-19 инфекциясига қарши вакцина харид қилиш ва ундан фойдаланиш масалалари бутун жаҳонда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам клиник тадқиқотларнинг 3-босқичи натижаларига кўра белгиланади.
LiveБарчаси