Қозоғистонда қизамиққа чалиниш кескин ошди
Жамият
−
09 Ноябрь 2023
4248Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Қозоғистонда қизамиққа чалиниш ҳолатларининг кескин кўпайгани қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг ўтган 10 ойида Қозоғистонда 13 мингдан ортиқ одам қизамиқ билан касалланган, уларнинг 83 фоизини 5 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади. Вазирликка кўра, ҳозирда касал болаларнинг 70 фоизи эмланмаган, шунингдек, беморлар орасида эмланмаган катталар ҳам бор.
“Бугунги кунда дунёдаги эпидемиологик вазият жуда ноқулай. Ҳозирга қадар 160 мамлакатда қизамиқ касаллиги авж олган. Сентябр ойида республикада кескин ёмонлашди. Бунга болаларнинг барчаси мактабга боргани ва улар ёпиқ хонада бирга ўтиргани сабаб бўлган. Бу инфекция ҳаво орқали юқади”, дейди Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Гиният.
Гиниятнинг таъкидлашича, инфекция тарқалишининг кўпайиши фонида 2024 йилнинг январ ойи охиригача давом этадиган қўшимча оммавий эмлашни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бунинг учун вакцина етарли.
“Биз аввало болаларни ва инфекция ўчоқларида бўлган катталарни эмлаймиз. Шу боис барча қозоғистонликларни касалликдан ишончли ҳимоя олиш учун клиникаларга таклиф қиламиз”, дейди у.
Шунингдек, вазир инфекциянинг оғир оқибатлари ҳақида огоҳлантириб, бугунги кунда қизамиқ учун ўзига хос даволаш йўлининг йўқлигини ва ўзини ҳимоя қилишнинг ягона йўли эмланиш эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги иккита мактаб қизамиқ касаллиги туфайли масофавий таълимга ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь