Иккита мактаб қизамиқ туфайли масофавий таълимга ўтказилди

Олам

image

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида иккита мактаб қизамиқ касаллиги туфайли масофавий таълимга ўтказилди. Бу ҳақда мамлакат Таълим ва фан вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Жалолобод вилоятидаги 2 ва 7-сонли мактабларда қизамиқ авж олгани боис шаҳар Эпидемияси ва эпизоотияга қарши махсус комиссия мазкур мактабларда таълим жараёнини онлайн шаклга ўтказиш бўйича қарор қабул қилган.

“2 ва 7-сонли умумтаълим мактабларида қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари кўп. Ўқув жараёни вақтинчалик масофавий форматда олиб борилади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу қарор билан Жалолобод шаҳар таълим бўлимига болаларни оммавий эмлаш учун 063-сон шакл асосида эмлашдан бош тортган ёки бир марталик эмланган ўқувчилар сонини аниқлаш топшириғи юклатилган. Шифокорларга эса ҳар бир мактаб ва боғчада эмлаш ҳамда тиббий кўрикдан ўтказиш, алоҳида хоналар ташкил этиш топширилган.

Маълумотлар учун, Қирғизистонда қизамиқ билан касалланганлар сони йил бошидан буён уч мингдан ортиқ ҳолатда қайд этилган. Уларнинг аксариятини 10 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда қизамиққа чалиниш ҳолати кескин ошиб кетди. Сўнгги бир ҳафта ичида касалланганлар сони 30 фоизга ошгани ҳақида хабар берилган эди. Маълумотларга кўра, йил бошидан буён 10 мингга яқин касаллик ҳолати қайд этилган бўлиб, уларнинг 80 фоизи 14 ёшгача бўлган болалардир. Энг кўп ҳолатлар республика жанубида – Олмаота ва Жамбил вилоятларида кузатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жалолобод Қирғизистон қизамиқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг