Ўзбекистонда яшаётган барча миллат вакиллари ўзбек тилини билиши шарт – Алишер Қодиров
Жамият
−
14 Май
7340Аввалроқ, Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин Россияга ишга бораётганлар рус тилини билиши кераклигини айтганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров бунга муносабат билдирди.
“Сўзсиз, Россияга ишга бораётганлар рус тилини билишлари шарт, лекин бу Ўзбекистонда яшаётган русларнинг ўзбек тилини билишлари шарт эмас дегани эмас!” дейди Қодиров.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда яшаётган барча миллатли ватандошлар ўзбек тилини билишлари шарт.
“Қонунларимизда босқичма-босқич боғча ва бошланғич таълимда бошқа миллатли ватандошларга ўз она тили ва қадриятларини ўрганишига шароит яратиш билан бир қаторда, ўзбек тили мажбурий ўрганадиган тил сифатида белгиланиши керак”, дейди депутат.
Алишер Қодиров ўзбек тилини билмайдиган инсон нафақат давлат хизматида ишлаши, балки давлат хизматларидан фойдаланиши ҳам мумкин бўлмай қолишига эришиш зарурлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида россиялик шовинист тарихчи Михаил Смолин Россиянинг НТВ каналида уюштирилган ток-шоуда ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар 1917 йилгача мавжуд бўлмаганини иддао қилганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат марказининг ўша пайтдаги раҳбари Минҳожиддин Мирзо аҳолини заҳарли ғоялардан сақлаш учун мамлакатдаги хорижий давлатлар пропагандасига хизмат қилаётган барча радио-телевидение каналлари ҳамда уларнинг интернетдаги сайтларини зудлик билан чеклаш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилганди. Ўшанда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ҳам Ўзбекистонда таълим ва телевидениеда рус тилидан фойдаланишни қисқартиришни таклиф қилган эди.
LiveБарчаси