“Келажакда майиб-мажруҳ фарзандлар билан шуғулланишимиз керак”. Қодиров электрон сигареталарни тақиқлашга чақирди

Жамият

image

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистонда электрон сигареталар тақиқланишини назарда тутувчи қонунни қабул қилишга чақирди. Бу ҳақда у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида сўз очди.

“Авваламбор, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ушбу қонун бўйича қилган ташаббуси учун раҳмат айтаман. Бу долзарб қонун. Биз ўтган чақирувда уни ўтказа олмадик. Фракциямиз жуда қаттиқ ҳаракат қилди, лекин ўтган чақирувдаги депутатларимизга буни қанчалик муҳим эканлигини тушунтира олмагандирмизки, қонун қабул қилинмаган ёки бошқа сабаблари бўлиши мумкин. Лекин ҳозирги чақирувда барча фракцияларни қўллаб-қувватлаётгани, албатта, бизга жуда катта ғурур бермоқда", деди депутат.

У ўз сўзида республикада 6 фоиз чекувчилар борлиги, уларнинг ичида 1 фоизи электрон сигареталар чекиши, қолган 5 фоизи табиий тамаки чекувчилар эканини айтган. Қодировнинг таъкидлашича, табиий тамаки чекувчиларнинг боласи ҳам табиий тамаки чекувчи бўладими-йўқми, буни ҳеч ким исботламаган. Лекин бугун мана шу 6 фоиз киши ўзига зарар бермоқда. Лекин электрон сигареталар чекувчи 1 фоиз одам кимёвий бирикмалар ҳисобига тузатиб бўлмас зарар келтирмоқда. Шунингдек, улар келажак учун мутацияга учраган авлодни қолдиряпти.

“Агар бу ДНКга таъсир қиладиган бўлса, биз келажак авлодда майиб-мажруҳ фарзандлар деган масала билан шуғулланишимиз керак. Ўзи шундоқ ҳам бугун Ўзбекистонда авлоднинг соғломлиги масаласида жуда катта муаммоларни ҳал қилишга тўгри келяпти”, деган Қодиров.

Алишер Қодиров, шу билан бирга, электрон сигареталар тақиқланишини назарда тутган қонун лойиҳасига қарши овоз берганларга бир нечта фикрларни келтириб ўтди:

"Биринчидан, ароқ ёки табиий тамаки инсонга зарар, лекин бу зарарни маълум бир босқичгача даволаш мумкин. Сунъий тамакидаги мураккаб кимёвий элементлар инсон танасидан чиқиб кетмайди, ДНКни бузади, интеллектуал ўсишни кескин заифлатади ва репродуктив саломатликка жиддий таъсир кўрсатади.

Иккинчидан, ароқ ёки табиий тамакини, асосан, катта ёшдагилар истеъмол қилади, улар ўзи учун танловини қилиб бўлгандир, лекин электрон сигареталар мактаб ўқувчилари ёки 30 ёшгача бўлган болалар орасида кенг ёйилиб кетмоқда. Истеъмолчиннг 2/3 қисми ёшлар. Ярми қизлар. Халқ бу офатнинг келажакдаги зараридан қутула олмайди.

Буни ҳозир тўхтатмасак, 20 йилдан кейин ҳеч қандай қонун ёки давлат дастури сезиларли кўп интелектуал заиф қатламга ёрдам бера олмайди”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда айрим турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг, шу жумладан, электрон сигареталарни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, ўтказиш мақсадида уларни сақлаш, ташиш ёки ўтказиш тақиқланиши мумкинлиги хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров электрон сигарета

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг