“Бу рус тилига ҳурматни кескин камайтириши мумкин”. Алишер Қодиров Россияда қабул қилинган янги қонун ҳақида

Жамият

image

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров Россия Федерацияси Федерация Кенгашининг рус тилини билмайдиган муҳожирларнинг фарзандларини мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонунни маъқуллашига ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда у ўзининг Теlegram саҳифасида пост қолдирди.

“Россиялик ҳамкасбларимиз рус тилини ўргатиш эмас, билмаганларни Россиядан, болаларни мактабдан ҳайдаш йўлини танладилар. Бу қонун постсовет мамлакатларида рус тилига бўлган эҳтиёжни ҳам, ҳурматни ҳам кескин камайтириши мумкин”, дея ёзган у.

Шу ўринда Қодиров Ўзбекистон давлат идораларида ишлайдиган минглаб, мактабларда ўқийдиган юз минглаб давлат тилини умуман билмайдиган ватандошлар ва уларнинг болалари борлигини қайд этган.

Унинг ёзишича, электорат саволларига жавоб бериш учун бу тажрибанинг ижобий ва салбий жиҳатлари диққат билан ўрганиб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси Федерация Кенгаши рус тилини билмайдиган муҳожирларнинг фарзандларини мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонунни маъқуллаганди. Унга кўра, энди мигрант болаларга тилни билиш бўйича тест синови жорий этилади. Ундан ўта олмаганлар эса мактабларга қабул қилинмайди. Таълим ва фанни назорат қилиш федерал хизмати (Рособрнадзор) тест учун материалларни ишлаб чиқиш, баҳолаш мезонлари ва энг кам балл сонини аниқлаши керак. Бундан ташқари, мактаб Россияда ноқонуний ва ҳужжати бўлмаганларни ўқишга қабул қила олмайди. Агар қонун қабул қилинса, 2025 йил 1 апрелдан кучга киради.


Мақола муаллифи

Теглар

рус тили Алишер Қодиров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг