Ўзбекистонда янги жарима жорий қилиняпти
Жамият
−
16 Апрель 2020
42549Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 16 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилди.
“Бугунги кунда белгиланган тартиб-таомилга биноан ҳозирда томорқага қандай экин экиш аҳолининг ўз таклифлари асосида шакллантирилади. Бироқ шунга қарамай томорқа эгаси у ёки бу маҳсулотни етиштиришни ўзи режалаштирса-ю, амалда уни бажармаса, бу ҳолат озиқ-овқат заҳирасини шакллантиришга ҳам салбий таъсир қилади ва албатта бундай лоқайдлик ўз жазосини олиши шарт”, дея таъкидланган қуйи палата матбуот хизмати хабарида.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа билан ушбу кодексни янги 65-1-модда билан тўлдириш таклиф қилиняпти. Унга мувофиқ, томорқа ерлардан унумли фойдаланмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Яъни, томорқага ўз танлови асосида бирон-бир қишлоқ хўжалик экини экмаган фуқаролар, аввал огоҳлантирилади. Кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жаримага солинади. Агар мазкур ҳолат маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, бу қиймат уч бараваридан беш бараваригача миқдорда бўлиши белгиланмоқда.
Ўзбекистон Президенти жорий йилнинг 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши лозимлигини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь