Ўзбекистонда сўз эркинлиги қасддан қилинган сиёсий қарор – Алламжонов
Жамият
−
11 Сентябрь 2021
7542Ўзбекистонда сўз эркинлигига йўл очилиши қасддан қилинган сиёсий қарор эди. У мамлакатни бутунлай ўзгартириб юборди. Ўзбекистон нафақат дунёга очилди ва глобал кун тартибида қатнаша бошлади, балки одамлар ҳамда ҳокимият ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланди. Бу ҳақда кеча, 10 сентябрь куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов “Марказий Осиёда оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий аҳамиятини ошириш” мавзусида ЕХҲТнинг 23-Марказий Осиё ОАВ конференциясида сўз очди.
“Мамлакатимизда цензура, журналистларнинг ишига аралашиш ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланган. Ва бу энди шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас. Ўзбекистон журналистлар ҳамжамияти бу қонунларнинг бажарилишини жуда қаттиқ назорат қилади. Таҳририятга қилинган ҳар бир босим дарҳол оммага маълум бўлади ва деярли ҳеч ким материални олиб ташлаш талаби билан таҳририятга қўнғироқ қилмайди.
Оммавий ахборот воситаларининг кўпи нодавлат ташкилотлар бўлиб, ахборот сиёсати қандай бўлишини ўзлари ҳал қилади. Aлбатта, бундай қисқа вақт ичида бизни Ғарб услубидаги оммавий ахборот воситалари билан солиштириш қийин, лекин бу жараён тўхтовсиз давом этади”, дейди Алламжонов.
Унинг таъкидлашича, Янги Ўзбекистонда журналистикасининг 2016 йилдагиси билан ер билан осмонча фарқи бор.
"Бироқ, мамлакатда муаммолар кўп. Энди бирини “оғзини ёпсанг”, иккинчисиники очилди ва яна кўплаб бошқа муаммолар пайдо бўлди, журналистларга нисбатан босим ўтказилди, суд билан таҳдид қилинди, даъво аризаси берилди, заиф томонини топишга уринилди. Аммо, ҳар бир шунга ўхшаш ҳолат кучлироқ бўлиш учун сабабдир", дейди жаноб Алламжонов.
2018 йилда Президент Мирзиёевнинг Матбуот котиби бўлиб ишлаган Комил Алламжонов мамлакатга сўз эркинлиги билан бир қаторда, ёлғон ахборот ёғилганини ҳам урғулади. Унга кўра, Янги Ўзбекистон барча демократик давлатлар бошидан кечираётган муаммоларни бошдан кечирмоқда, жумладан дезинформация, ёлғон хабар ва манипуляцияни ҳам.
"Ўзбекистон бутун дунё билан бирга ахборот урушида қатнашмоқда ва манипуляция қурбони бўлмаслик учун ҳақиқатни ёлғондан ажратишга ҳаракат қиляпти. Бу борада мамлакатнинг тажрибаси кам, аммо шунга қарамай, ишлар давом этмоқда.
Мактабларда медиа-саводхонликни жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу мавзу узоқ вақтдан буён қўшниларимиз бўлган: Қозоғистон, Қирғизистоннинг ўрта синфларида бўлган, энди эса Тожикистонда жорий этилади. Эндиликда болалар мактаб пайтиданоқ Интернетдан қандай фойдаланишни билади.
Ёши катталарда бундай имконият бўлмаган, лекин ҳамма оммавий ахборот саводига муҳтож. Тадқиқот ўтказиш керак "Одамлар кимга ишонишади? Улар нимани тинглашни хоҳлайдилар? Уларга қандай янгиликлар керак? Уларни қандай олинади? ", дея фикр билдирди Фонд раиси.
Комил Алламжоновнинг маълум қилишича, у медиа соҳасидаги барча янгилик ва ғояларни қўллаб-қувватлайди. Ҳеч кимни сўз эркинлигидан ҳафсаласи пир бўлиб, яна ёпилиб олмаслиги керак.
Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрь куни “Марказий Осиёда оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий аҳамиятини ошириш” мавзусида ЕХҲТнинг 23-Марказий Осиё ОАВ конференцияси бошлаганди. 10 сентябрь куни эса, ушбу конференция якунига етди.
Унда ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Тереза Рибейру, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари бўйича координатори, лойиҳавий фаолият бўйича бош мутахассис Ханс-Улрих Им, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов иштирок этди.