Алламжоновга отилган ўқ. “Заказчик” ким?
Таҳлил
−
25 Ноябрь
24458Президент Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд юзасидан охирги ахборот берилганидан 28 кун ўтиб, яна қўшимча тафсилотлар очиқланди. Шу вақтгача ҳолатга “Қибрайдаги қотилликка суиқасд”, деб ном берган Бош прокуратура бу гал ҳолатни “Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш” деб атади.
Бош прокуратуранинг ахборот беришича, айни дамда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ўрганишлар давомида ҳодиса содир бўлган жойни ва айбланувчилар бошқарувида бўлган автомашиналарни кўздан кечириш ҳамда улар истиқомат қилган хонадонларда ўтказилган тинтувларда ишга алоқадор бўлган ашёвий далиллар аниқланган. Шу вақтгача ўтказилган тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган жами 7 нафар шахс аниқланиб, 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган, икки нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган эди.
Прокуратура ахборотига кўра, тергов органи қидиргани айтилиб, исм-шарифи очиқланмаган айбланувчи К.С.нинг Қозоғистон Республикасида яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилган. Шунингдек, қидирувда бўлган айбланувчи Жавлон Юнусов Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Президент Администрацияси даражасидаги одамга суиқасд Ўзбекистоннинг яқин 25-30 йиллик тарихида кўзга кўринмаган, қулоқ билан эшитилмаган ҳолат бўлди. Бу иш кўпчиликда хавотир ҳам уйғотди. Куни кеча, 2019 йилдан бери Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси сифатида ишлаб келаётган, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Ҳалимжонович Атхамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Темур Акрамович Собиров, Давлат хавфсизлик хизматининг Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган полковник Алижон Ғаниевич Ашуров, Ўзбекистон Бош вазирининг ёрдамчиси – Бош вазир қабулхонасининг мудири вазифасида ишлаб келаётган Сарвар Ғаниевич Ашуровларнинг лавозимидан озод қилиниши айнан собиқ администрация мулозими Комил Алламжоновга нисбатан уюштирилган суиқасд ва бу ишнинг тергови билан боғланмоқда. Албатта, юқорида номини санаганимиз қудратли курсилардан олинган шахсларнинг нима учун ишдан олингани ҳақида аниқ гап айтилганича йўқ. Қолаверса, бу ишлар Алламжонов билан боғлиқми йўқми деган саволга аниқ ва расмий жавоб берилмади. Аммо Алламжонов воқеасига оид шу вақтгача тарқалаётган норасмий хабарлар секин-аста ўз тасдиғини топмоқда.
Масалан, аввалроқ Алломжановга суиқасдга алоқадор дейилган Жавлон Юнусов Жанубий Корея Республикасига қочиб кетгани айтилган эди. Суиқасд ва бу гаплар болалаганидан бир ой ўтиб, Бош прокуратура Жавлон Юнусовнинг қидирувда бўлгани ва у Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини тасдиқлади. Собиқ мулозимга нисбатан суиқасдда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ҳам қўли борлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Чеченистон раҳбари темирни қизиғида босиб, бундай айбловларни рад этди ва бу хабарларни провокация деб атади.
“Ўзбекистонда бир неча ҳафта олдин мамлакат Президенти маъмуриятининг собиқ ходими бўлган машинага қарата ўқ узилган эди. Ҳеч ким жабрланмади. Гумонланувчилардан бири аллақачон ҳибсга олинган, тергов барча иштирокчиларни ва суиқасд сабабларини аниқлаши керак. Бироқ натижаларни кутмасдан, ғарбпараст ва баъзи мухолифат ОАВлари "чечен изи" ҳақидаги версияни чиқарди ва кейин бу изни бутунлай менга улашди. Мен бу провокацион нарсаларга жавоб бермайман. Қолаверса, Ўзбекистонда муҳтарам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли барча соҳалар, жумладан, ахборот ва ҳуқуқ-тартибот тизимидаги ишлар аъло даражада. Мен шуни қўшимча қиламанки, агар мен ҳақиқатан ҳам бирор нарсани режалаштирган бўлсам, уни охиригача ва 100% натижа билан кўраман”, дейди Рамзан Қодиров.
Ҳолатга Рамзан Қодировнинг алоқадорлиги ҳақидаги гапларни Қодировнинг ўзи рад этган бўлса ҳам Ўзбекистон томони бу борада жим қолмоқда. Бош прокуратура ҳолат содир бўлиб, турли видеолар тармоқларга сиздирилиши ортидан ОАВ ва блогерларни тасдиқланмаган ахборотларни эълон қилишдан тийилиш ва фақатгина расмий идораларнинг баёнотларини ёритишни тавсия қилганди. Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз, Алламжоновга суиқасд шу йилнинг 26 октябрь куни соат 01:40 ларда содир бўлган эди. Алламжоновнинг ҳайдовчиси бошқарувидаги Range Rover русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган. Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.
LiveБарчаси
26 Ноябрь