Суиқасд хавфи: АҚШ ўз дипломатларини Эрон таҳдидидан огоҳлантирди

World

−

image

АҚШ разведкаси Эрон америкалик дипломатлар ва мансабдор шахсларга суиқасд уюштиришни режалаштираётганидан огоҳлантирди. Айрим режалар аллақачон жиддий тайёргарлик босқичига етган. Бу ҳақда АҚШ Миллий разведка директори Жей Клейтоннинг Давлат котиби Марко Рубиога юборган хизмат хатига таяниб, “Axios” хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, разведка хулосалари Яқин Шарқдаги бир нечта АҚШ элчихоналарида ходимлар сонини қисқартиришга сабаб бўлган омиллардан бири ҳисобланади.

Клейтон ўз мактубида Эрон томонидан уюштирилиши мумкин бўлган суиқасд режалари ҳақидаги маълумотларни кўпроқ америкалик ходимларга етказиш зарурлигини билдирган. Бунинг учун ушбу маълумотларнинг махфийлик даражасини имкон қадар пасайтиришни таклиф қилган. Ҳужжатда суиқасдлар кимларга қарши режалаштирилаётгани, уларнинг тафсилотлари ёки Яқин Шарқдан ташқаридаги қайси давлатларга тааллуқли экани очиқланмаган. Бироқ АҚШ Давлат департаментининг юқори мартабали ходимлари бу ҳақдаги разведка маълумотларини олган.

Шунингдек, АҚШ расмийлари Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ямандаги ҳусийлар ҳужумларини Саудия Арабистонидан ташқарига кенгайтириб, минтақанинг бошқа давлатларига ҳам зарба беришидан хавотирда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётларни қайта бошлаши мумкинлиги ҳам ташвиш уйғотмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Исроил Эронга қарши янги ҳарбий операция режасини ишлаб чиққани ҳақида хабар берилган эди. Ҳужумлар жорий йилнинг 3 ноябрь куни АҚШ Конгрессига ўтказиладиган оралиқ сайловлардан кейин бошланиши мумкин.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends