Алламжоновга суиқасд қилишда гумонланган Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда қўлга олинди

3-саҳифа

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилишга алоқадорликда гумонланган Жавлон Юнусов Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.

Билдирилишича, тергов ҳаракатлари давомида ҳодиса содир бўлган жойни  ва айбланувчилар бошқарувида бўлган автомашиналарни кўздан кечириш ҳамда улар истиқомат қилган хонадонларда ўтказилган тинтувларда ишга алоқадор бўлган ашёвий далиллар аниқланиб олинган. 

Ўтказилган тергов ва тезкор–қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган жами 7 нафар шахс аниқланиб, 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган, шунингдек, 2 нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган эди.

Қидирувда бўлган айбланувчи К.С.нинг Қозоғистон Республикасида яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилган. 

"Шунингдек, қидирувда бўлган айбланувчи Жавлон Юнусов Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда", дейилади хабарда.

Алламжоновга суиқасд 

26 октябрь куни соат 01:40 ларда фуқаро С.С.нинг бошқарувидаги Range Rover русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган. Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

27 октябрь куни Бош прокуратура томонидан ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этган шахсларнинг бир нафари аниқланиб, гумонланувчи тариқасида қўлга олинганини билдирди. Эртаси куни эса суиқасдга алоқадор яна уч киши аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушлангани хабар қилинди.

Кейинчалик суиқасдда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қўли борлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Чеченистон раҳбари бундай айбловларни рад этиб, бу хабарни провокация деб атади.

"Агар мен ҳақиқатан ҳам бирор нарсани режалаштирган бўлсам, уни охиригача ва 100% натижа билан кўраман”, деганди Рамзан Қодиров.


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов суиқасд Жавлон Юнусов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг