Тошкентда ЕХҲТнинг ОАВ бўйича конференцияси иш бошлади
Жамият
−
09 Сентябрь 2021
6376Хабарингиз бор, бугун, 9 сентябрь куни “Марказий Осиёда оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий аҳамиятини ошириш” мавзусида ЕХҲТнинг 23-Марказий Осиё ОАВ конференцияси бошланди.
Унда ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Тереза Рибейру, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари бўйича координатори, лойиҳавий фаолият бўйича бош мутахассис Ханс-Улрих Им, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева иштирок этмоқда.
Икки кунлик конференциянинг биринчи сессиясида Ижтимоий ахборот: қадриятлар, мазмун ва стратегик дилеммалар. Марказий Осиёда ижтимоий ахборот материалларининг қабул қилиниши юзасидан музокаралар бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Тереза Рибейру журналистларнинг эркинлиги каби масалаларда сўз юритди.
"Биз учун бу конференция жуда муҳим ҳисобланади. Шунингдек, журналистларга, жамият учун фойдали бўлади. Медиа соҳасида ижобий ўзгаришлар бўлади, дея умид қиламан”, дейди Рибейру.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон медиаси кўп ютуқларга эришган. Aйтиш керакки, эркинликсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Aгар медиа соҳасида эркинлик бўлмаса, жамиятда ўзгариш бўлмайди, ўсмайди.
Шунингдек, конференцияда Саида Мирзиёева Ўзбекистонда сўнгги беш йил ичида оммавий ахборот воситаларининг самарали ривожлангани, очиқ маълумотлар манбалари сони бўйича мамлакат ТОП-5 давлатлар қаторига кириши ҳақида гапириб ўтди.
“2016 йилда биз давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлиги йўналишини белгилаб олдик ва бу беш йил мобайнида биз оралиқ натижаларни жамлашимиз мумкин. Менимча, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларининг кўпи сўз эркинлигига муносиб яхшигина эътибор беришди.
Сўнгги беш йилда ОАВ тез ва самарали ривожланди. Биз турғунликдан рақобатбардошликка ўтдик. Ва буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият назорати остида”, дейди Мирзиёева.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистонда саккиз тилда 1 893 та оммавий ахборот воситаси бор, демак, ҳар бир муҳим янгилик, қайси минтақадан бўлишидан қатъи назар, республика миқёсида, баъзан эса жаҳон миқёсида бўлади.
“Очиқ маълумотлар манбалари сони бўйича Ўзбекистон ТОП-5 давлатлар қаторига киради. Open Data Inception статистик маълумотларига кўра, биз бу кўрсаткич бўйича AҚШ, Испания, Франция ва Буюк Британия билан бир ўриндамиз. Давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларга тўлиқ кириш имконияти мавжуд. Ҳар бир вазирлик ва идорада журналистларнинг саволларига жавоб берадиган матбуот хизмати мавжуд”, дея маълум қилди Саида Мирзиёева.
Маълумот учун, ушбу конференция Ўзбекистонда учинчи маротаба ўтказилмоқда ва у икки кун: 9 ва 10 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь