Ўзбекистонда санъаткорлар ҳар бир тўй ёки концерт учун солиқ тўлаши мумкин
Жамият
−
27 Март 4258 3 дақиқа
Энди Ўзбекистонда санъаткор ва бошловчилар ҳар бир тўй ёки концерт учун солиқ тўлаши мумкин. Бу ҳақда Президентнинг кеча, 26 март куни Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобини юритиш тизимини соддалаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида келтирилган.
Унга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ижрочилар ва ижодий жамоаларнинг ижодий фаолияти билан боғлиқ барча хизматлари солиқ органларининг “Солиқ” мобил иловасида рўйхатга олинади.
Ижрочилар 2026 йил 1 сентябрдан 2029 йил 1 январга қадар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашни “бир хизмат – бир тўлов” тамойили асосида иловага мувофиқ қатъий миқдорларда амалга оширади. Меҳнат шартномаси асосида меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ижодий фаолият олиб бораётган ижрочилар бундан мустасно.
“Бир хизмат – бир тўлов” тамойили доирасидаги солиқ миқдори санъаткорнинг рейтинги ва хизмат кўрсатилган жойга боғлиқ бўлиб, базавий ҳисоблаш миқдори билан ўлчанади:

Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчилар учун якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида айланмадан олинадиган солиқни тўлаш тартиби татбиқ этилмайди. Ижрочилар томонидан мобил иловага тегишли маълумотлар киритилмаслиги ва белгиланган миқдордаги тўлов амалга оширилмаслиги лицензияни қўпол равишда бузиш деб ҳисобланади.
Тегишли маълумотлар “Солиқ” иловасига киритилмаган ва белгиланган тўлов амалга оширилмаган тақдирда:
- бу – солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб эътироф этилади ҳамда шартномалар ўртача қийматининг 20 фоизи миқдорида, лекин 20 БҲМ (ҳозирда 8 млн 240 минг сўм)дан кам бўлмаган суммада жарима қўлланилади.
- ушбу ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган жисмоний шахсларга, ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузардан ундирилган жарима суммаси ҳисобидан қўлланилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади.
Маданият вазирлигининг ҳудудий бўлимлари маҳалла солиқ инспектори билан биргаликда ўзига бириктирилган ҳудудда жойлашган тўй-маросимлар ўтказиладиган жойлар, ресторанлар, концерт заллари, стадионлар, клублар, дискотекалар, кафе-барларда, тантаналар заллари ҳамда ҳудуд бўйича ижрочиларнинг қонуний асосда ижодий хизмат кўрсатаётганини мунтазам назорат ва мониторинг олиб боради.
2029 йил 1 январдан бошлаб:
- ижрочиларнинг ижодий фаолияти билан боғлиқ хизматлар кўрсатишдан олинган даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси шартнома қийматидан келиб чиққан ҳолда, бироқ қатъий миқдорлардан кам бўлмаган ҳолда амалга оширилади;
- концерт-томоша хизматларини кўрсатиш аҳоли ва барча субъектлар, ижрочилар ва ижодий жамоалар томонидан “солиқ” мобил иловасида хизмат кўрсатиш жойи, санаси, қиймати тўғрисидаги маълумотларни тизимда акс эттириш билан бир қаторда маъсулиятни ўз зиммасига олган ҳолда оммавий оферта тарзидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш тартибида амалга оширилади;
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш, ушлаб қолиш, бюджетга ўтказиш, ҳисоботларни тақдим этиш солиқ органи томонидан автоматик тарзда қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда солиқ органлари солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай солиқ суммасини мобил иловага бириктирилган банк карталаридан автоматик тарзда ундириб олади, етарли маблағ мавжуд бўлмаган қисми бўйича эса ҳисобот куни тўлов хабарномаси юборилади;
- йиллик умумий даромаднинг 30 фоизи миқдоридаги харажатлар тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда чегирилади;
- тасдиқланган харажатлар суммаси умумий даромаднинг 30 фоизидан ошган тақдирда қўшимча равишда ушбу даромаднинг 10 фоизи миқдори чегирилади;
- лицензия олиш учун ундирилган давлат божи ва ижтимоий солиқ суммалари харажат сифатида қайд этилади ҳамда даромадлар таркибидан чегирилади.
Қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси жорий йил 10 апрелгача давом этади.
Live
Барчаси