Халқаро аэропортлар 2030 йилгача икки турдаги солиқдан озод қилинади

Ўзбекистон

−

visibility1164 timer2 дақиқа

image

Ўзбекистондаги халқаро аэропортлар 2030 йилга қадар ер солиғи ва мол-мулк солиғидан озод этилади. Ушбу имтиёзлар аэропортларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 ноябрь куни транспорт-логистика соҳасида фаолият юритаётган инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилди.

Қайд этилишича, халқаро аэропортларга бериладиган солиқ имтиёзлари уларнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган. Бунда солиқ имтиёзлари натижасида тежалган барча маблағларни аэропорт инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириш мажбурий шарт этиб белгиланади.

Шу билан бирга, маҳаллий учувчиларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш мажбуриятини зиммасига олган авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгиланган. Жумладан, бундай авиакомпаниялар жалб қиладиган хорижий мутахассислар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Уларнинг ишлаш рухсатномасини бериш йиғими эса 30 бараварга камайтирилади.

Яратилаётган шароитлар ҳисобига мамлакатдаги ҳаво кемалари сонини 2027 йилда 150 тага, 2030 йилга қадар эса камида 250 тага етказиш вазифаси қўйилган.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Халқаро фуқаро авиацияси университетини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган.

Янги олий таълим муассасасини Янги Тошкент ҳудудида жойлаштириш учун 20 гектар ер ажратиш режалаштирилган. Ушбу ҳудудда замонавий кампус, ўқув-симуляция ва илмий-тадқиқот марказлари барпо этилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг