Ўзбекистонда неча киши карантинга олингани маълум бўлди

Жамият 11159
photo_2020-03-27_15-03-25

Ўзбекистонда 100 мингга яқин одам карантин муддатини ўтаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди. 

“Карантин тадбирлари давом этмоқда. 92 мингдан кўпроқ фуқаро тиббий кузатув остига олинган ва карантин муддатларини ўтаяпти. Улардан олинган намуналар мунтазам равишда вирусология лабораторияларида текширувдан ўтказиляпти. 

Карантин тадбирлари ўз самарасини беряпти. Касалликнинг кенг кўламда тарқалиб кетишига йўл қўйилмаяпти. Ижобий натижалар ҳам пайдо бўла бошлади. Ушбу жараён давомий бўлиши учун сиз уйда қолишингиз, карантин талабларига риоя қилишингиз, мулоқотдан ўзингизни тийишингиз ва мулоқотга эҳтиёж туғилса, масофани сақлашингиз керак бўлади”, деди Нурмат Отабеков.

Аввалроқ, коронавирус юқтирган 12 киши оғир аҳволда экани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача вирус юқтирганлар 1692 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 357 нафари даволанган ва  6 нафари вафот этган. 

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг,  #UydaHayotBor

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 334
Рейтинг: 2.9
t
×