Бир кунда 100 га яқин коронавирус бемори тўлиқ тузалди – ССВ

Жамият

image

Бугун, Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 13 нафари буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайган беморларнинг 3 нафари эркак, 10 нафари аёллардир. Улардан 11 нафари Тошкент шаҳридан, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Беморлардан 1 нафари чартер рейсда Туркиядан Тошкентга келган. Қолган 12 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 71 ёшда бўлса, энг ёши кичиги эса 2019 йилда туғилган. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди.

Илк коронавирус инфекциясига чалинганларни қабул қилган мазкур клиника жамоаси бирдамлиги, маҳорати ва тажрибаси беморларнинг соғайишида ҳал қилувчи рол ўйнаганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Қувонарли жиҳати, бугун мамлакатимизда айни пайтга қадар коронавирус инфекциясига чалинганлар сонига нисбатан ушбу касалликдан соғайганлар кўрсаткичи кескин ошиб, 96 нафарга етди.

Шундай қилиб, айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар бугун, аввалги кунларга нисбатан энг юқори кўрсаткични қайд этган ҳолда, уларнинг сони шу кунгача 357 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 1657 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 6 нафари вафот этган. 

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг,  #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

150

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг