Ўзбекистонда маҳкумларнинг қандай ҳуқуқлари бор?

Жамият 4027
image

“Ўзбекистонда миллий превентив механизмни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш истиқболлари” мавзусида кеча, 8 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда айнан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларга нисбатан инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишдаги миллий ва хорижий тажрибалар мавзусида сўз бўрди. 

“Жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан тайинланган жазони ўташ тартиблари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 50-моддасида белгилаб қўйилган. Ушбу тайинланган жазони ўташ тартиб-тамойиллари эса Жиноят ижроия кодексида аниқ белгилаб берилган. Жиноят содир этилгандан кейин ушбу шахсга нисбатан давлат томонидан қонунларда белгиланган чоралар қўлланилиши лозим. Суд томонидан бу шахсни жамиятдан ажратган ҳолда тарбиялаш мумкин, деган хулосага келингандагина, жазо чоралари кўрилади. Лекин, суд томонидан бирон бир шахс озодликдан маҳрум қилинган тақдирда унинг асосий ҳуқуқлари сақлаб қолинади. Яъни маҳбуслар яшаш, жазони ижро этиш муассасида меҳнат қилиш, ўзининг тилида бевосита сўзлашиш ҳуқуқига эга. 

Шунингдек, маҳбусларда жазони ижро этиш муассасаларида ўзининг ўқув билимини ошириш, оила аъзолари, яқинлари билан телефон орқали гаплашиш, улар билан бевосита кўришиш, тиббий хизматдан ҳам фойдаланиш имконияти бор”, деди Олий суд судьяси Санобар Мамадалиева.

Конференция давомида Олий суд судьясининг таъкидлашича, маҳбуслар Омбудсманга бевосита мурожаат қилишлари мумкин. Шунингдек, суд қароридан норози бўладиган бўлса, бевосита судга ҳам мурожаат қилиши мумкин. 

“Судга бевосита Омбудсман ҳамда Миллий марказ (Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази) томонидан жазони ижро этиш жойларида жазони ўтаётган шахслар йўллаган мурожаатлар бевосита келиб тушади. Бундан ташқари, айнан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинмаган ушбу шахслар жазони ижро этиш жойларидан судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Агар қабул қилинган суд қароридан норози бўлса, судга ҳам мурожаат қила олади”, деди Санобар Мамадалиева.

Маълумот ўрнида, бугунги кунгача БМТ доирасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ, давлатлар мажбуриятларининг юридик характерини изоҳловчи 9 та ҳужжат ва қарорлар қабул қилинган. Ўзбекистон деярли барчасига аъзо давлат ҳисобланади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 77
Рейтинг: 3
t
×