Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш “пик”ка чиқдими?
Бу қизиқ
−
04 Июль 2020
34902Кеча, 3 июль куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ 318 та янги ҳолат қайд этилди ва рекорд янгиланди. Умуман олганда охирги ҳафтада касалланиш ҳолатлари кунига 250 тадан кам бўлаётгани йўқ эди. Хўш, Ўзбекистонда коронавирус билан хасталаниш энг юқори даражага чиқди, деб айтиш мумкинми? QALAMPIR.UZ ушбу савол билан Вирусология илмий-текшириш институти директори, профессор Эркин Мусабоевга юзланди.
“Ҳозирдан бирор нарса дейиш қийин. Аслида карантин ҳамон амалда, лекин фақат ижтимоий масофа сақлаш – бу карантин эмас. Биз ижтимоий масофа бўйича тадбирларни давом эттираётганимизда – уч ҳафта давомида, яъни карантин юмшаганда натижалар кунига 250-300 бўлса, ана шунда Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш "пик"ка чиқди, деб айта оламиз. Мана, охирги ҳафта касалланиш кунига 250-270 атрофида бўлди. Яна икки ҳафта кутишимиз керак. Агар рақамлар ўзгармаса, ана шунда пик, десак бўлади”, дейди профессор.
Ўзбекистонда сўнгги 10 кунда касалланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан карантин чораларининг енгиллаштирилиши, одамлар тартибларга қатъий амал қилмаётгани билан боғлиқ. Айтайлик, кўпчилик ижтимоий масофани унутмоқда. Тўй-ҳашам, оилавий тадбирларда ниқоб тақилмаяпти. Қўл бериб сўрашиш, қучоқлашиш каби одатлар яна қайтган. Эркин Мусабоев булар ҳақида гапираркан, яна карантиннинг кучайтирилиши касалланишнинг вақтинча камайишга олиб келишини айтади. Унинг қайд этишича, рақамларнинг ўсиши одамлар шахсий кун тартибида ўрнатилган қоидаларга қанчалик риоя қилишига боғлиқ.
“Карантин чораларини яна кучайтирсак, яна касалланиш ҳолатлари кунига 40-50 тага тушади. Лекин, бу вақтинча. Карантиндан чиққач, яна касалланиш кўпаяди”, дейди Мусабоев.
Коронавирус юқтириб олиб, ўзингиз ва оила аъзоларингиз ҳаётини хавф остига қўйманг. Қуйидаги уч қоидага муттасил амал қилинг:
• Ниқоб тақишни унутманг.
• Озодаликка риоя қилинг.
• Ижтимоий масофа сақланг.
LiveБарчаси