Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари ўлим билан тугаётгани ростми?
Олам
−
29 Июнь 2022
9390Ўзбекистонда коронавируснинг ўсиши фонида ижтимоий тармоқларда қатъий карантин чоралари яна кучайтирилиши, вируснинг янги штаммлари тарқалаётгани, шифохоналарда “оёқ босишга жой йўқ”лиги, бу сафар беморларда касаллик оғир кечаётгани ва кўп ҳолатлар ўлим билан тугаётгани ҳақида аудиоёзувлар тарқалмоқда. Шу каби хабарларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков муносабат билдирди.
“Бундай асоссиз хабарларни тарқатаётган кимсалар аҳоли орасида хавотир уйғотишга ҳаракат қилаётгани кўриниб турибди. Шу боис фуқаролардан ижтимоий тармоқлардаги ахборотларни соғлом ақл билан баҳолашларини, уларни тарқатаётганда асослилигини текшириб кўришларини сўраймиз.
Бу аудиоёзувларларни тинглаб кўрсангиз, улар сизга таниш туюлади. Чунки ушбу хабарлар касаллик авж олган ўтган йилги пандемия даврида ҳам ўртага чиққан эди. Буни улардаги лексика ва умумий манзарадан ҳам сезиш қийин эмас”, дейди Нурмат Отабеков.
У сўзида давом этаркан, айни вақтда Ўзбекистонда коронавируснинг omicron штамми тарқалаётгани, уни юқтириб олганларда ҳам оғир асоратлар қайд этилмаётганини айтди.
“Ҳолбуки, айни пайтда юртимизда коронавируснинг асосан omicron штамми аниқланмоқда. Бу беморларнинг 98 фоизида касаллик енгил даражада кечяпти. Мазкур штаммнинг юртимизда тарқала бошлаганига эса ярим йилга яқинлашяпти.
Асл вазиятга қарайдиган бўлсак, бир кунда мамлакатимизда ўртача 100-120 та касалланиш қайд этилмоқда. Албатта, 35 миллион аҳоли орасида бу — жуда кичик кўрсаткич.
Шундай бўлса-да, COVID-19 га чалинмасликнинг асосий ва энг самарали йўли вакцинация бўлиб турибди. 2 ёки 3 босқичли эмлашни қабул қилган фуқаролар 6 ойдан сўнг бустер дозани олишлари, шундан 6 ой ўтиб, яна қайта эмланишлари мумкин”, дейди Отабеков.
Маълумот учун, сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият хавотирли тус олмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бераётган хабарларга кўра, касалликка чалинганлар кун сайин ортмоқда. Кеча, 28 июнь куни 98 кишида коронавирус касаллиги аниқланган.
Шунингдек, Президент Мирзиёев иштирокидаги тор ва кенг доирадаги тадбирларда давлат ташкилотлари раҳбар-ходимлари яна ниқоб тақишни бошлаган.
Муҳайё Ҳабибуллаева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь