Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниб, шифохонада даволанаётган беморларнинг 11 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.

“Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 3 минг 718 бемор рўйхатга олинган. Куни кеча 22 нафар, жами 2 минг 859 нафар, яъни 77 фоиз бемор тўлиқ соғайган ва реабилитация марказларига ўтказилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 844 бемор даволанмоқда, 9 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир”, дейди Отабеков.

Унинг таъкидлашича, карантин тадбирлари давом этяпти. 46 мингдан кўпроқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият жиддийлигича сақланиб турибди. 

“Куни кеча касаллик қайд этилган 79 фуқаронинг 15 нафари аҳоли орасида аниқланган. 13 нафари Тошкент шаҳрида, 1 нафари Сирдарё ва яна 1 нафари Тошкент вилоятида. Минг афсуски, охирги аниқланган 16 беморнинг 2 нафари яна Тошкент шаҳрига тўғри келяпти. Ушбу беморлар Яшнобод тумани аҳоли орасида аниқланган”, деди Нурмат Отабеков.


Маълумот учун, сўнгги кунларда аҳоли орасида коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпайди. Бунга карантин қоидаларига риоя қилинмаётгани, бир ниқоб ҳафталаб тақилиши ва ижтиомоий масофани сақламаслик сабаб қилиб кўрсатилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони 3718 нафарни ташкил қиляпти. Бугунгача уларнинг 2859 нафари соғайган ва 15 нафари вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда амалдаги карантин талаблари 2020 йил 15 июнга қадар узайтирилган эди.

Аммо карантин чекловлари бироз юмшатилди. Хусусан, “яшил” ҳудудларда белгиланган тартибда тўй ва оилавий маросимлар ўтказишга ҳамда вилоятлараро ҳаракатланувчи автобуслар қатновига рухсат берилди. 5 июндан Ўзбекистонда футбол мусобақаларини давом эттириш белгиланди. Шу билан бирга барча ҳудудлар учун бирдек ўз кучида қоладиган чекловлар ҳам эълон қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг