Барча ҳудудларда ўз кучида қоладиган чекловлар нималардан иборат?
Жамият
−
30 Май 2020
11630Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда амалдаги карантин талаблари 2020 йил 15 июнга қадар узайтирилгани ва қўшимча енгилликлар берилгани ҳақида хабар берган эдик.
Аммо енгиллликлар билан бир қаторда барча ҳудудларда уларнинг тоифасидан қатъи назар қуйидаги карантин талаблари сақлаб қолиниши белгиланди:
• жамоат жойларида ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш, уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситаларидан фойдаланиши;
• таълим ташкилотлари (боғча, мактаб, лицей, коллеж, техникум, институт, университет ва бошқалар), ўқув курслари фаолиятини йўлга қўймаслик;
• кўнгилочар объектлар — тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига йўл қўймаслик;
• концерт, театр, кинотеатр ва спорт тадбирларини (профессионал футбол клублари ўқув машғулотлари ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатлари бундан мустасно) ўтказмаслик;
• жамоат транспорти ҳаракатига рухсат бермаслик;
• буюм бозорлари фаолиятига рухсат бермаслик;
• деҳқон, қурилиш бозорлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат савдо нуқталари (супермаркет ва бошқа йирик дўконлар) кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш ҳамда ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик чораларини кўриш;
• барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион "тўшак"лар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;
• қурилиш-таъмирлаш ишларида объектларнинг ҳудуди тўлиқ карантинга олиниши ва ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик марказлари билан биргаликда объектларда санитария-гигиена тадбирларининг амалга оширилиб борилиши. Бунда, ушбу ташкилотларнинг фаолият олиб бориш даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиш.
“Қизил” тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик, шунингдек, "яшил" ва "сариқ" тоифага кирувчи ҳудудларда рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
LiveБарчаси