Ўзбекистонда коронавирус сабаб 2300 одам карантинга олинди
Жамият
−
19 Март 2020
9511Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича маълумот берди.
“2020 йил 19 март эрталаб 9:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан рўйхатга олинганлар сони Ўзбекистон Республикасида 23 нафарга етди. Албатта бу рақам кечагига нисбатан бир мунча фарқ қилгани учун одамларни ўйлантириши мумкин. Лекин бир жиҳатни айтиб ўтиш керак: бу фуқаролар Франция, Лондон, Дубай ва Туркиядан келган беморларимиз атрофидагиларни текшириш натижасида аниқланган. Уларнинг барчаси дастлабки кунлардан бошлаб алоҳидаланган ва тиббий кузатув остига олинган. Шунинг учун бу кенг аҳоли қатламига тарқалган деган хавотирга асос йўқ. Бу доим эпидемияга қарши тадбирлар қаторида амалга ошириладиган бир тизим.
Куни кеча Президентимиз халқимизга мурожаат қилди. Бундай кунларда биров манфаат кўриши, ёлғон маълумотларни тарқатиши керак эмас. Энг асосийси ҳамма соҳада жипслашган ҳолда эпидемик барқарор муҳитга эришишимиз керак, деган фикрларни айтди.
Бундай тадбирлар ҳукуматимиз, соғлиқни сақлаш тизими ва барча ташкилотлар томонидан назоратга олинган. Жиддий муаммо ва хавотирга ўрин йўқ.
Бугунга қадар 9 минг 100 дан кўпроқ одамни назорат остига олдик. 6 мингдан кўпроқ юртдошимизнинг саломатлиги кафолатлангани учун уйига жавоб берилди. Ҳозирги кунда 2 минг 300 фуқаро карантин муддатини ўтаяпти. Давлат чегаралари ёпилган. Темир йўл, автомобиль транспортлари ҳаракати чегараланган. Шу билан биргаликда хорижий мамлакатлардаги ҳамюртларимизни олиб келиш тадбирлари давом этмоқда.
Уюшган ҳолда келган халқимиз учун алоҳида стационар шароитда, якка тартибда келганлар учун уй шароитида карантин тадбирлари татбиқ этилаяпти. Энг асосийси бу касаллик учун ташхис қўйиш имконияти бўлган диагностикумлар, ҳимоя ва дезинфекция воситалари, ҳатто шифо ўринлари захираси яратилган. Биз ҳеч қандай қийинчиликсиз бу муаммони ечишга қодирмиз”, деган Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилди. Айни вақтда Ўзбекистонда 23 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси