Ўзбекистонда коронавирус беморлари камайтириб кўрсатиляптими? Профессорлар қўшма баёнот билан чиқди
Жамият
−
08 Октябрь 2020
12598Шу кунларда Ўзбекистонда яна пандемия билан боғлиқ вазият кескинлашиб бораётгани, коронавирусга чалиниш ҳолатлари эса атайин камайтириб кўрсатилаётгани кун тартибига чиққан. Ҳафта бошида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов коронавирус билан боғлиқ рақамларнинг камайтириб кўрсатилаётганини Самарқанд вилояти мисолида таҳлил қилиб, вилоятда касаллар сони 10 бараварга кам кўрсатилганини айтган эди. Мазкур мурожаатга нисбатан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент тиббиёт академияси ректори Лазиз Тўйчиев ва Тошкент тиббиёт академияси ректори Эркин Мусабоевнинг қўшма баёнотини эълон қилди.
“Мамлакатимизда аҳолининг коронавирус билан касалланиш ҳолатларини аниқлашда инфекцияга қарши ҳосил бўлган антитаначаларни аниқлаш ҳамда антиген экспресс тест усуллари қўлланилмоқда. Лекин коронавирус инфекциясига ташхис қўйиш учун ушбу таҳлиллар ёрдамчи таҳлил усуллари сифатида ишлатилишини унутмаслик керак. Якуний ташхис қўйишда “олтин қоида” сифатида полимер занжирли реакция (ПЗР) махсус лаборатория таҳлил натижалари тан олинади. Шунинг учун ҳам статистик маълумотларда фақатгина ПЗР усулида тасдиқланган мусбат натижалар ҳисобга олинади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида коронавирус касаллигига ташхис қўйишда “гумон қилинган” ҳамда касаллик “тасдиқланган” беморлар ўзаро фарқланади. Бу бутун дунёда амал қилинаётган тажриба бўлиб, шифокорларга касалликнинг ҳақиқий ҳолати бўйича тегишли хулосага келишлари учун ёрдам бўлади.
Айни пайтда юртимизда ташкил этилган саралаш ва тақсимлаш марказларида махсус шифокор кўриги, лаборатор таҳлиллар ва заруратга қараб рентген ёки МСКТ текширувлари ўтказилмоқда. Лаборатория усулида тасдиқланган ҳар битта ҳолатни тўлиқ рўйхатга олиш, касалликка чалинганларни ўз вақтида саралаш ва беморларнинг айни пайтдаги ҳолатидан келиб чиқиб, уйда ёки малакали тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослаштирилган муассасаларга йўналтиришга қаратилади. Саралаш ва тақсимлаш марказларига коронавирус эҳтимоли билан мурожаат қилган, лекин касаллик тасдиқланмаган беморларга ҳам зарур тавсиялар берилиб, ундаги касаллик ташхисидан келиб чиқиб, тегишли тиббиёт муассасаларига йўналтирилади”, дейилади қўшма баёнотда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда айни вақтда коронавирусдан ташқари бошқа мавсумий касалликлар билан шифохоналарга мурожаат қилаётганлар ҳам бор. Уларда тест натижалари бўлмагани боис, ушбу беморлар коронавирус беморлари рўйхатига киритилмаган.
“Шу билан бирга биз коронавирусдан ташқари бошқа юқумли касалликлар билан оғриган беморлар ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Ҳозирги кунда аҳолида мавсумий ўткир респиратор инфекциялар (грипп, рино ва аденовирус), шу билан бирга бактериал пневмония ва юқумли бўлмаган касалликларда ҳарорат кўтарилиши мумкинлигини эътибордан четда қолдирмаслик зарур.
Коронавируснинг тарқалиши, уни аниқлаш ва даволаш бўйича умумий манзарани тўлиқ тасаввур қилиш ва баҳолаш учун профессионал тиббий билимга эга бўлиш керак. Ижтимоий тармоқларда юртимиздаги пандемия вазияти ҳақида билдирилаётган турли фикрлар, айрим мутасаддиларнинг асосланмаган хулосаларига ҳам айнан шундай профессионал билимнинг етишмаслиги сабаб бўлмоқда.
Аслини олганда, пандемияни жиловлашда кўрилаётган барча чоралар жаҳон тажрибаси, халқаро ташкилотлар тавсиялари ва энг асосийси, ярим йилдан ортиқ вақт мобайнида коронавирусга қарши кураш жараёнида тўпланган миллий тажрибага таянган ҳолда амалга оширилмоқда.
Шу пайтгача мамлакатимизга ташриф буюриб, даволаш жараёнларида бевосита қатнашган россиялик, америкалик, германиялик, кореялик ва туркиялик мутахассислар ҳам COVID-19 ни жиловлашга қаратилган миллий тиббий тизимимизга ижобий баҳо беришмоқда.
Ўтган вақт давомида аҳолидан келаётган коронавирус билан боғлиқ мурожаатлар билан ишлайдиган мобил гуруҳлар, касалликка чалинганларни саралаш ва уларни тиббий ҳолатига кўра тақсимлашга қаратилган марказлар ҳамда касалликни даволаш билан шуғулланувчи шифохоналарнинг узлуксиз тизими яратилганини эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Мисол учун, айни пайтда бирламчи тизимда 202 та махсус поликлиника, 1352 та мобил гуруҳ кечаю кундуз, дам олиш кунларисиз фаолият юритаётмоқда. Етакчи мутахассислар иштирокида 4 гуруҳга бўлинган ҳолда коронавирус билан касалланган ўта оғир ва оғир ҳолатдаги беморларнинг ҳолати кунлик онлайн назорат қилиб борилмоқда.
Шунингдек, беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмаларга амал қилиш борасида барча ҳудудларда малака ошириш курслари ташкил этилиб, унда ижобий натижа кўрсатган шифокорларгина коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнларига жалб қилинмоқда”, дейилади баёнотда.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда айни вақтда коронавирусга чалинганлар 60 026 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 56 837 нафари ёки 94 фоизи соғайган, 496 киши вафот этган.
LiveБарчаси