Ўзбекистонда карантинга олишнинг ҳуқуқий асоси борми?
Жамият
−
12 Апрель 2020
5872Бугун, 12 апрель куни Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Вазирлик масъули Ўзбекистонда карантинга олишнинг ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот бериб ўтди.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси санитария-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар яъни карантин жорий этиш йўли билан таъминланади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Низомда коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморлар аниқланганда давлат органлари ва бошқа ташкилотларининг ҳаракатланиш тартиби, коронавирусга гумон қилинган бемор уйда ва тиббиёт муассасасида аниқланганда ҳаракатланиш тартиби ҳамда коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар учун карантин белгилаш тартиблари аниқ белгилаб берилган.
Низомга кўра, коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлган шахслар провизор госпитал (коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахсларни сақлаш ва даволаш учун юқумли касалликлар шифохонаси ёки бошқа тиббиёт муассасаси базасида ташкил этилган даволаш муассасаси) ёки изоляторга (юқумли касалликлар шифохонаси ёки бошқа алоҳида ажратилган биноларнинг махсус жиҳозланган хонаси) жойлаштирилади.
Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар эса уй карантинида сақланадилар”, деди Ғайбулло Примов.
Ўзбекистонда жорий йилнинг март ойи охирида карантин даврида қоидаларни бузиш ва ёлғон хабар тарқатиш учун жарималар кучайтирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, коронавирусга чалинганлар 833 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 42 нафари даволанган, 4 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси