Карантинга олишга қаршилик қилиш 30 кун қамоқ ва ниқобсиз юриш БҲМнинг 5 баравари билан жазоланади

Жамият 1872
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси ниқобсиз юрганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қисм билан тўлдирилди.

Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 115 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида қўллашни назарда тутувчи 29-2-модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузган шахсга нисбатан давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.

Тиббий мажбурлов чораси 30 суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Миллий гвардия органлари томонидан таъминланади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 38
Рейтинг: 3
t
×