Ўзбекистонда “блэкаут” сабаб истеъмолчиларга қанча “товон” тўлангани айтилди
Жамият
−
23 Май 2022
5855Жорий йилнинг 25-27 январь кунлари Марказий Осиёда содир бўлган “Блэкаут” жараёнидаги ягона электр тармоғида юз берган авария натижасида кузатилган узилишлар сабаб истеъмолчиларга 4,5 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бу ҳақда бугун, 23 май куни Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Матбуот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева маълум қилди.
“Хабарингиз бор, жорий йилнинг 25-27 январь кунлари Марказий Осиё ягона электр тармоғида авария содир бўлиши натижасида Республиканинг барча ҳудудларидаги электр-энергия таъминотида узилишлар содир бўлган. Унинг оқибатида табиий газ таъминотида вужудга келган узилишлар сабабли “Тошиссиқсувқуввати” давлат унитар корхонаси томонидан истеъмолчиларга тартибга мувофиқ белгиланган иссиқлик таъминоти етказиб берилмаганлик ҳолати аниқланган. Натижада, агентлик томонидан “Тошиссиқсувқуввати” давлат унитар корхонасига белгиланган топшириқлар асосан абонентларга 4 млрд 500 миллион сўм миқдордаги белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилишга эришилган”, дейди агентлик ахборот хизмати раҳбари.
Маълумотга кўра, худди шу каби ўрганишлар Республиканинг 9 та ҳудудида ҳам амалга оширилиб, унинг натижасида 1 млрд 222 млн сўм миқдорда ортиқча олинган маблағлар аниқланиб, бугунги кунда ушбу маблағларни истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилишга эришилган.
Қолаверса, карантин чоралари жорий этилгани муносабати билан газ ҳисоблагичларни даврий қиёсловдан ўтказиш кечиктирилиши ва кейинчалик давлат дастури доирасида уларнинг ўрнига янги ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилиши сабабли, даврий қиёслашдан ўтказиш бўйича тўланган 634 млн 700 минг сўм йиғимларни 14 мингдан ортиқ нафар истеъмолчига қайтарилиши бўйича чоралар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилган эди. Бунинг ортидан сув таъминоти ҳам тўхтаб қолганди.
Кейинроқ, қўшни мамлакатлар — Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор ҳудудларида ҳам электр энергияси узилгани маьлум бўлди. Ўзбекистонда эса барча аэропортлар фаолияти чекланди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олма-ота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган.
Кейинроқ, “Энергиа” мувофиқлаштирувчи диспетчерлик марказининг уч давлат энергия тизимлари операторлари вакиллари ҳам кирган махсус комиссияси текшируви натижасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энерготизимида юз берган аварияга Ўзбекистон энергетика тизимидаги узилиш сабаб бўлгани маълум бўлди.