Ўзбекистонда бир кунда 5,2 млн дона кўп мартали ниқоб ишлаб чиқириш мумкин
Жамият
−
28 Март 2020
5822Ўзбекистонда бир кунда 5,2 млн дона кўп марта фойдаланиладиган тиббий ниқоблар ишлаб чиқариш имконияти мавжудлиги аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Дилшод Раҳимов брифинг вақтида маълум қилди.
“Ишчи гуруҳ томонидан кўрилган чоралар натижасида 27 март ҳолатига стандарт асосида тиббиёт юз ниқоблари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 28 тадан 154 тага, маҳсулот ҳажми эса кунига 2,1 млн донага етказилишига эришилди.
Ўтказилган таҳлилларда, кўп марта фойдаланиладиган ниқоблари ишлаб чиқариш имконияти мавжуд бўлган 353 та тўқимачилик корхонасининг рўйхати шакллантирилиб, улар томонидан бир кунда 5,2 млн дона маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати мавжудлиги аниқланди”, деди Раҳимов.
Унинг сўзларига кўра, Департамент органлари томонидан карантин даврида жисмоний ва юридик шахсларининг мурожаатларини тўлиқ онлайн қабул қилишга ўтилган бўлиб, Департаментнинг 71-233-10-07 рақамли ишонч телефони куну-тун узлуксиз иш режимига ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 104 нафарга етди. Ҳозиргача коронавирус аниқланган икки киши вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor