Италия мактабларида бурқа ва ниқоб тақиқланиши мумкин

Олам

image

Италия ҳукумати мактабларда бурқа ва ниқоб ўрашни тақиқлаш, синфлардаги хорижлик ўқувчилар сонини чеклаш ҳамда айрим хорижлик ўқувчиларнинг ота-оналарига итальян тилини ўрганиш мажбуриятини юклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Жоржия Мелони маълум қилди.

Қайд этилишича, тегишли чора яқин орада ҳукумат йиғилишида тақдим этилади. Унга кўра, ҳар бир синфда таълим олиши мумкин бўлган хорижлик ўқувчилар сонига максимал чегара белгиланади.

Шунингдек, мактаб тизимига мослашишда жиддий қийинчиликларга дуч келаётган хорижлик ўқувчиларнинг ота-оналари итальян тилини ўрганиши талаб қилинади. Бош вазирнинг айтишича, синфда итальян тилини тушунмайдиган битта ўқувчи бўлса, у синфдошлари ва ўқитувчилар ёрдамида тилни тез ўрганиши ҳамда таълим муҳитига мослашиши мумкин. Бироқ бундай ўқувчилар сони кўпайиб, ҳатто кўпчиликни ташкил этса, бу интеграция эмас, балки эътиборсизликка айланади.

Мелони синфлардаги хорижлик ўқувчилар сони бўйича қанча лимит ўрнатилиши ҳақида ҳозирча аниқ рақам келтирмаган. Fondazione ISMU тадқиқот институтининг маълумотларига кўра, Италия мактабларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг 11,6 фоизи мамлакат фуқароси ҳисобланмайди.

Мелони, шунингдек, мактабга ўқувчилар юзини очиқ ҳолда бориши кераклигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Италияда ҳеч ким ҳақиқий ёки ўйлаб топилган анъана баҳонасида ёш аёл юзини беркитиши керак деган қарорга кела олмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австрияда янги ўқув йили бошланиши билан 14 ёшга тўлмаган қизларнинг мактабларда ҳижоб ва бошқа анъанавий рўмолларни ўраши тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг