Ўзбекистонда бир қоп ун нархи 125 минг сўм этиб белгиланди
Жамият
−
18 Апрель 2020
34351Ўзбекистонда коронавирус пандемияси даврида ун маҳсулоти барча ҳудуларга бир маромда етказиб берилишини таъминлаш мақсадида биржа савдоларисиз тўғридан тўғри шартномалар билан сотилиши белгиланди.
Ҳукумат топшириғига асосан, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган бир қоп ун учун 125 минг сўм қилиб белгиланди.
Бугунги кунда тизим корхоналари омборларида республикамиз аҳолисининг ун маҳсулотига бўлган талабини тўла қондириш учун етарли миқдорда 32 минг тоннадан ортиқ ун захиралари бор ва эҳтиёждан келиб чиқиб ишлаб чиқариш хажмларини ошириш имкониятлари мавжуд.
Асосий истеъмол маҳсулоти ҳисобланган ун бугунги кунга қадар биржа савдолари орқали барча истеъмолчиларга сотилаётган эди. Харид қилинган уннинг асосий қисми республиканинг чекка ҳудудларига етиб бормасдан шаҳар ҳамда туман марказларида қолиб кетаётган эди.
Янги тартабга кўра, бозорларда ун маҳсулотларининг нархлари сунъий равишда ошиб кетиши олди олиниб, аҳолининг барча қатламларига тизимли равишда узлуксиз етказиб берилиши таъминланади.
Шунингдек, ун маҳсулотлари етказиб берилиши ҳамда нархларнинг шаклланиши солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қатъий назоратга олинди.
Маълумот ўрнида, аҳолининг ун маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибидаги тизим корхоналари тасарруфида бўлган 52 та тегирмон цехларида кунига 6000 тоннадан ортиқ ун ишлаб чиқарилмоқда.
LiveБарчаси